Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий 150/767 йилда Бухоро шаҳрининг Фагсодара маҳалласида туғилиб, 217/832 йили ўша ерда вафот этган. Тўлиқ исми Аҳмад ибн Ҳафс ибн Забурқон ибн Абдуллоҳ ибн Бухорийдир.
Абу Ҳафс Кабир Бухорий Мовароуннаҳрга фиқҳ илмини олиб келиш билан бирга унинг тараққиётига муносиб хизмат килган олимдир. У етук фақиҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф.189/805 й.)нинг шогирди бўлиб, Бухоро фиқҳ мактабига асос солган.
У дастлабки илмларни ўз юртида эгаллайди, сўнгра Бағдодга бориб, у ерда Абу Ҳанифанинг шогирдлари, жумладан, Муҳаммад ибн Ҳасан ва Абу Юсуфларнинг илмий мажлисларида иштирок этади ва “Мабсут” китобини кўчиради.
Абу Ҳафс Кабир фиқҳ, ҳадис ва калом илмларининг билимдони саналади. Абдуллоҳ Субазмуний ўзининг «Кашф ал-осор» асарида Абу Ҳафс Кабир ва унинг авлодларини Бухородан чиққан илк ҳанафий муҳаддислар қаторида зикр этади.
Ҳазрат Абу Ҳафс Бухорода бир неча масжид ва мадрасалар қуриб, толиби илмларга сабоқ берганлар [1.221]. У қурдирган мадраса ўз замонасининг машҳур мадрасаларидан саналиб, ҳозирги “Пойи Калон мавзесида жойлашган ва у Бухоро ХШ асрда ҳам фаолият юритган [2.121-122].
Тарихчи А.Вамбери ўзининг “Тарихи Бухоро” ва Садатий “Тариху-д-дувал” номли асарида Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг мадрасаси ислом оламининг турли ўлкаларидаги олимлар ва талабаларнинг орзу қилган мадрасаси бўлганини таькидлашган.
Абу Ҳафс Бухорий устози имом Муҳаммаднинг “Зоҳир ар-ривоя” туркумига кирувчи асарларнинг илк бештасини Бухорога олиб келади. Аммо, Амударёдан ўтиш чоғида мазкур китобларни тушириб юборади. Натижада Бухорода таълим берганда хотирасига суянган ҳолда ҳанафий мазҳабини ўргата бошлайди [3.6].
Наршахийнинг маълумотига кўра, Абу Ҳафс Кабир талабаларга дарс бериб, кўплаб шогирдларни тарбиялаб, камолга етказади. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс (Абу Ҳафс Сағир), Абу Жаъфар Ризвон ибн Салим Бадокорий, Абул Ҳасан ибн Саид Байдарий, Муҳаммад ибн Ҳотам Субизуғукий, Абу Заҳҳор Фадл ибн Ҳассон Сутиканий, Ҳорис ибн Абул Вафо Бухорий, Абу Саид Сулаймон ибн Довуд Шарғийлар шулар жумласидан саналади.
Абу Ҳафс Кабирнинг шогирдлари ҳам улкан салоҳиятга эга олимлар бўлишган. Унинг шогирди Абу Сафвон Аҳмад Сурморий айтадилар: “Жабалда бир шайх ҳадис ривоят қилар эдилар. Бир киши: “Бухородан Аҳмад ибн Ҳафс деган бир олим чиқибди”, – деди. Мен у кишининг шогирди эканимни айтган эдим, мен билан тортишди. Мунозарада мен у кишидан ғолиб чиқдим” [4.43].
Абу Ҳафс Кабирнинг шуҳрати ислом оламига кенг тарқалган. Олимлар унга “Муаллими ислом” (“Ислом динини ўргатувчи муаллим”) номини берадилар. Унинг шарофати билан Бухорони “Қуббатул ислом” (“Ислом дини гумбази”) ва у яшаган маҳалла дарвозасини “Ҳақроҳ (“Ҳақ йўл”) деб аташган. Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” китобида қуйидагича келтиради: “…яна бошқа бир дарвоза – “Дари Ҳақраҳ” – Ҳақраҳ дарвозаси”дир, Марҳум Хожа имом Абу Ҳафс Кабир Бухорий ўша маҳаллада турар эди. Бу (Бухоро) вилоятида унга тенг бирор киши бўлган эмас” [5.32].
У Бухоронинг мутааххирлари жумласидан бўлиб ҳам зоҳид, ҳам олим эди. У “Мовароуннаҳр шайхи”, “Шарқнинг фақиҳи” [6.158] номлари билан ҳам улуғланган.
Маълумотларга қараганда, араб диёри олимлари ҳам бирор масаланинг жавобини топишда қийналиб қолишса, Бухорога Абу Ҳафс Кабирнинг олдига одам юбориб, ўша масаланинг ечимини билиб олишар экан. Наршахийнинг айтишича, ҳожилар карвони келаётганида, карвондан бир киши Абу Ҳафснинг ёнига келиб, ундан масала сўраганда, Абу Ҳафс ҳайратланиб: “Ўзинг Ироқдан келяпсан, нима учун Ироқ олимларидан сўрамадинг?”, дебди. У: “Бу масалада Ироқ олимлари билан мунозара қилдим, лекин улар қониқарли жавоб бера олмадилар ва менга Бухорога бориб, бу масалани Абу Ҳафсдан ёки унинг фарзандидан сўрагин, улар сенга жавобини айтишади, дейишди”, – деб жавоб берибди.
Абу Ҳафс Имом Муҳаммаддан кейин энг кучли, энг ишончли, энг тақвадор фақиҳ ҳисобланган. Бунга далил сифатида кўйидаги ривоятни келтириш мумкин: Абу Ҳафс билан бирга Имом Муҳаммаддан таҳсил олган Абу Сулаймон Жузжонийнинг таъкидлашича: “Устозим Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдан: “Агар сиз вафот этсангиз илмни кимдан олайлик?”, дея сўрадим. Шунда устозим: “Ҳеч ким мендан илмни Абу Ҳафс Бухорийчалик ололмаган”, дедилар.
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Субазмуний (258/872 – 340/952) Абу Ҳафс ҳақида қўидаги ривоятни кетиради: “Афлаҳ ибн Муҳаммад Абу Юсуфнинг мажлисида бўлган, ундан “Амолий”ни ёзиб олган, Аҳмад ибн Ҳафс эса Афлаҳ билан мажлисда Абу Юсуфнинг ҳузурига боришдан олдин бирга бўлган. Аҳмад ибн Ҳавс Абу Юсуфни умри охирлаган бир даврда учратди. Кейин Имом Муҳаммадга бориб, унинг китобларини эшитди ва унинг ҳузурида фиқҳни ўрганди”.
Демак, Абу Ҳафс Абу Ҳанифанинг мумтоз шогирдлари саналган Муҳаммад ва оз муддат бўлса-да, Абу Юсуфнинг ҳам мажлисида бўлган. Шамсиддин Заҳабийнинг хабар беришича, Вакиъ ибн Жарроҳ, Абу Усомалар ҳам унинг устози бўлишган.
Айтиш жоизки, Мовароуннаҳрда фиқҳнинг ривожланишида Абу Юсуфдан кўра Имом Муҳаммаднинг қарашлари кўпроқ таъсир кўрсатган. Илм олиб ўз юртига қайтган Аҳмад ибн Ҳафс шу тариқа ҳанафий мазҳаби таълимотини биринчи бўлиб Мовароунаҳрга олиб келган шахс сифатида танилди.
Абу Ҳафс Кабир нафақат фиқҳ соҳасида самарали ижод қилган, балки у ҳадис ва калом илмларининг ҳам етук билимдони саналади. VIII-Х асрларда Мовароунаҳр, Хуросон, Ироқ ва бошқа минтақалардан етишиб чиққан ҳанафий муҳаддислари ва фақиҳлари ҳақида Абдуллоҳ Субазмуний ўзининг “Кашф ал-осор” асарида қимматли маълумотлар келтирган. Жумладан, асарда Абу Ҳафс Кабир ва унинг авлодлари Бухородан чиққан илк ҳанафий муҳаддислар қаторида зикр этилган.
Абу Ҳафс Кабир Бухорий Асад ибн Амр, Абу Яҳё Ҳимоний, Яҳё ибн Закарий ибн Абу Зоида, Исо ибн Юсуф, Муҳаммад ибн Робиа, Абу Муовия, Ибн Муборак, Абдуллоҳ ибн Нумайр, Амр ибн Муҳаммад, Ибн Мунир Варроқ, Ҳушайм ибн Башир, Салм ибн Солимлардан ривоят қилган.
Абу Солиҳ Тоййиб ибн Муқотил Ҳуноматий ва Абу Ҳасан ибн Самъоний “Ансоб” номли асарида келтиришича, Абу Ҳафснинг шогирдлари Харожир деган қишлоқда кўп бўлган. У туфайли Бухоро шаҳри ҳанафийликнинг муҳим марказларидан бирига айланган.
Абу Ҳафс Кабир доим шогирдларига шундай насиҳат қилар эди: “Қуръонни кўп ўқинглар. Чунки, Қуръон мусҳаф ва қалблардан тез кетади”.
Унинг ўзи ҳам доим Қуръон тиловатини канда қилмаган. Наршахий ўзининг китобида: “Хожа имом Абу Ҳафс ҳар бир кеча-кундузда Қуръонни икки марта хатм қилар ва шу билан бирга, одамларга илм ўргатар эдн. У кексайиб заифлашгач, Қуръонни бир марта хатм қиладиган бўлди. Яна ҳам заифлашиб қолгач, то дунёдан ўтгунига қадар, бир кеча-кундузда Қуръоннинг ярмини ўқийдиган бўлди”, [5.32] – деб таъкидлаб ўтади .
Бухорода фаолият олиб борган Оли Моза оиласидан бўлган “Садру-ш-шариа”лар ва уларнинг оила аъзолари фиқҳ илмини ўз замоналарининг машҳур олимларидан олганлар. Фиқҳ илмини ўрганишда силсилалари Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Кабирга етиб боради. Гуй Бурак ўзининг китобида Умар бин Мозанинг силсиласини қуйидагича келтиради: “Умар бин Моза – Абдулазиз бин Умар – Аҳмад Сарахсий – Аҳмад Ҳалвоний – Али Насафий -Муҳаммад бин Фадл Бухорий – Муҳаммад Субазмуний -Абу Ҳафс Сағир – Абу Ҳафс Кабир Бухорий – Муҳаммад Шайбоний – Абу Ҳанифа” [7.230].
Абу Ҳафс Кабир амир бўладими, оддий фуқаро бўладими, қандай муаммо билан келса, ҳал қилиб берар эди. Олди-сотди ёки ибодат масалаларини ҳам жуда аниқлик билан ечарди. Шу боис одамлар олимни “Ҳожатбарор имом” деб ҳурмат қилишган. Ҳозирги кунга қадар Бухоро аҳолиси Абу Ҳафс Кабир зиёратгоҳини “Имоми Ҳожатбарор” зиёратгохи дея ардоқлаб келади.
Абу Ҳафс берган фатволар ва унинг асаридан олинган иқтибослар кейинги давр уламонларининг фиқҳий асарларида кенг истифода этилади. Жумладан, Абу Наср Аҳмад ибн Умар (ваф. 586/1190 й.)нинг “Фатовойи Аттобия”, Бурҳониддин Маҳмуд (551/1156-616/1219 й.)нинг “Мухиту-л-Буҳоний”, Абу Бакр ибн Масъуд Косоний (ваф. 587/1191 й.)нинг “Бадоиъу-с-саноиъ фи тартиби-ш-шароиъ”, Фаридиддин Деҳлавий (ваф. 786/1385 й.)нинг “Фатовойи Татархония”, Алоуддин Бухорийнинг “Ҳайрату-л-фуқаҳо”, Масъуд ибн Юсуф Самарқандийнинг “Салоти Масъудий”, Абу Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб (ваф. 1118/1707 й.)нинг буйруғи билан Шайх Низомиддин Балхий (ХVII-ХVIII) бошчилигида йигирма уч нафар фақиҳ томонидан ёзилган “Фатовойи Оламгирий” каби жуда кўплаб асарларда учрайди.
Ҳозирги кунда ҳам Абу Ҳафс Бухорийнинг асарлари ўзининг аҳамияти жиҳатидан алоҳида ўринга эга. Хитой мусулмонларининг Абу Ҳафс Кабир Бухорий китобларидан фойдаланиши унинг Марказий Осиё исломи ва Хитой исломида машҳур олим эканлигидан далолат беради [8.93].
Баъзи асарларда олим ҳақидаги маълумотларга алоҳида боблар ажратилган. Сўфи Оллоёрнинг “Маслаку-л-муттақин” асарида “Ҳикояти Хожа Абу Ҳафс Кабир” сарлавҳалари остида боб мавжуд. Биринчи маснавий ўттиз олти мисрадан иборат.
Айрим адабиётларда олимнинг асари деб бошқа муаллифнинг асарини нисбат берилганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, 2007 йилда нашр этилган Сўфи Оллоёрнинг “Маслаку-л-муттақин” номли асарининг илова қисмида Абу Ҳафс Кабирнинг “Китобул аҳво вал-иҳтилоф” номли китоби ҳам бўлган, дейилади. Ислом энциклопедияси, Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси ва “Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари” китобида Абу Ҳафс Кабир “Ал-аҳвоъ вал-ихтилоф” (Ҳавойи гаплар ва келишмовчиликлар), “Ар-радду алал-лафзий” (Юзаки қаровчиларга раддия) асарларининг муаллифи ҳисобланадилар [9.29], деган жумлаларни учратиш мумкин. Аммо Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавийнинг (926/151999/1582) “Китоб аъломил ахйор мин фуқахо мазхаби-н-Нумон ал-мухтор”, Умар Риз Каҳҳорнинг “Муъжаму-л-муаллифин”, Султон Муҳаммад Қаладаршоҳнинг “Рисолайи Султоний” номли асарида ва яна бир қанча табақот жанридаги китобларда бу асарнинг муаллифи Абу Ҳафс Кабирнинг ўғли Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс деб келтирилади.
Абдулкарим Самъоний бу китоблар билан бир қаторда Абу Ҳафс Сағирнинг “Китоб ал-иймон” номли асари борлиги ҳақида эслатиб ўтади. Унда Аҳмад ибн Абу Бакр Мохий айтадики: “Мен Аҳмад Мохийдан кўп ҳадис тинглаганман. Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафснинг “Китоб ал-иймон”ларини шу кишидан таълим олганман” [4.70] – деб келтирилади.
Тадқиқотлар натижасига кўра Абу Ҳафс Кабир Бухорий қаламига мансуб “Китоб ат-тахриж”, “Фатово” ҳамда “Масоил” каби асарлари борлиги аниқланган. Шунингдек, у “Наводир ас-солат”ни ривоят қилганлиги манбаларда қайт этилган. Тошкент ислом университетининг “Манбалар хазинаси”да сақланаётган 72 рақамли қўлёзмалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик Институтининг Қўлёзмалар фондида сақланаётган Лутфуллоҳ Насафийнинг (ХIV аср) “Фиқҳи Кайдоний” номли китобига Саъдуддин Тафтазоний (722/1322-792/1392 йй) томонидан ёзилган шарҳнинг нусхаларида бу ҳақида маълумот келтирилади. Асар нусхалариниг муқаддима қисмида қўйидаги жумлалар келтирилган: “…устознинг бир асарлари бор бўлиб, Хожа Абу Ҳафс Кабир уни “Китобу-т-тахриж”, деб номлаганлар”.
Хулоса тариқасида шуни айтиш мумкинки, Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг ислом оламида ва Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг шаклланишидаги ўрни беқиёсдир. Мовароуннаҳр ўлкасида Ҳанафий фиқҳининг шаклланиши ва кейинги даврларда ривожланиб бориши У кишининг ва шогирдларининг юксак фаолиятларига чамбарчас боғлиқдир.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
-
А.Ш.Жузжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги. Т:. “Тошкент ислом университети нашриёти”, 2002
-
Л.Асророва. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва ҳанафий фиқҳи .- Т :.Тошкент ислом университети , 2014
-
А.Сарсенбаев. М.Атаев. Мовароуннаҳр фақиҳлари. Т:.”Мовароуннаҳр”, 2011.
-
Абдулкарим ас-Самъоний. Ал-Ансоб. Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Комилжон Раҳимов таржимаси. Тошкент -2017.
-
Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий. “Бухоро тарихи”. А.Расулев таржимаси. Т:. “Мерос”.
-
Имом Шамсиддин Муҳаммад бин Аҳмад бин Усмон аз-Заҳабий. Сияр иълом ал-Бухало. Байрут:. “Муассат ар-Рисолат”, 2001.
-
Guy Burak. The second Formation of Islamic Law, (The Hanafi school in the Early Modern Ottoman Empire). New York. Cambridge University press, 2015.
-
Mimi Hanaoka. Authority and Identity in Medieval Islamic Historiography. New York. Cambridge University Press, 2016.
-
Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. “Дурдона”, 2012.