Home / ЯНГИЛИКЛАР / Муборак ҳайит арафасида яна бир фавқулодда мажбуриятга рўпара келиб турибмиз…

Муборак ҳайит арафасида яна бир фавқулодда мажбуриятга рўпара келиб турибмиз…

Муборак Рамазоннинг шукуҳли кунлари ҳам ниҳоясига етмоқда. “Ниҳоя” сўзининг ўрни эмасдир, ҳойнаҳой. Зеро, мўмин-мусулмон банданинг назарида ҳадемай, ҳа, ҳадемай келгуси йил Рамазони худди Рамазон қўшиғини айтиб келган болакайлар сингари дарвозамизни тақиллатиб келади.

Ибодат ибодатга уланади, боғланади – шу тариқа умримизни мазмунларга тўлдиради, безаклар ила жилва бағишлайди. Ўттиз кун давом этган хос ибодатнинг ўзига хос якуни Ҳайит намозида янада ўзгача маъно касб этади: дийдор кўришишлар, нурли чеҳралар, ҳароратли лутфлар, эзгу ниятларга лиммо-лим орзу-тилаклар, дуолар…

Давлат раҳбарининг айёмга бағишланган самимий табриги юртимиз мусулмонлари шодлигига шодлик қўшди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши галдаги Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида махсус баёнот эълон қилди. Баёнотнинг махсуслиги Рамазон ҳайитини нишонлаш тартибига дахлдор бўлди.

Нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё бўйлаб тарқаган тождор вирус балоси бутун курраи арз бўйлаб одамларнинг ҳаёти, турмуш тарзида фавқулодда бурилиш ясади. Ана шу тўлқинда Рамазон шартларини адо этиш қандай бўлади деган савол кўндаланг бўлди. Ахир тарихда бунақаси бўлмаган! жомеъ масжидидаги кундалик жамоат намозлари, жума намозлари, таровеҳ намозлари, амру маъруф ва наҳий мункар йиғинлари, қолаверса байрамона тузаладиган ифторлик дастурхонлари вақтинчалик тўхтатилди. Қанчалик кутилмаган бўлмасин, қанчалар тасаввурга сиғмасин, ВАЗИЯТ, ҲОЛАТни ҳисобга олишга мажбур бўлдик ва мана, муборак ҳайит арафасида яна бир фавқулодда МАЖБУРИЯТга рўпара келиб турибмиз. Чиндан ҳам мажбурият, чиндан ҳам кутилмаган вазият, ҳолат.

Ватандошларимиз алоҳида эҳтиёт чораси остида яшаётганига икки ойдан ошиб бормоқда. Ҳукуматимиз ва давлатимиз Раҳбарияти талофат асоратларини мумкин қадар камайтириш йўлида куну тун тиним билмаётирлар.

Президентнинг Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарорига эътибор қилайлик. Давлатимиз раҳбари халқимизнинг байрам билан табриклар экан, коронавирус пандемияси шароитида эҳтиёт чораларини кўришга чақирмоқда. “Рамазон ҳайитини карантин талабларига мувофиқ” нишонлашга алоҳида урғу бермоқда. Мақсад нима? Мақсад аниқ: халқимизни кутилмаган талафотлардан асраш-авайлаш! Соғлиғи ҳақида қайғуриш!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши баёнотида эса вазият тақозоси билан бўлаётган ўзгаришлар атрофлича асослаб берилган. Қуръони каримдан, ҳадиси шарифдан ва бошқа ишончли манбалардан келтирилган далилларда Рамазон ҳайитини нишонлаш тартибини ўзгартиришга изн берилиши таъкидланган. “Мўътабар фиқҳий китобларимизда “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”, деган қоида бор”. Мазкур қоиданинг замирида шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли юз берган ҳолатда ибодатларни енгил тарзда адо этишга рухсат этилиши кўрсатиб ўтилган.

Ҳайит кунлари кексаларимизни, яқин-йироқларни зиёрат қилиш, беморларимиз қалбига малҳам бўлгувчи сўзларимизни юзма-юз изҳор этишга нима етсин?! Буни ҳаммамиз биламиз, бироқ!

Ҳамма гап ана шу “бироқ”да! Айни кунлардаги бош масала, бош муддао – ҳар ким ўз соғлиғи устида қайғуриш! Ўз соғлиғини эҳтиёт қилган инсон бошқани эҳтиёт қилган ҳисобланади. Пандемия давридан қолган ва ҳеч қачон эскирмайдиган, аҳамиятини йўқотмайдиган шиор бўлиб қолади бу сўзлар!

Ислом дини нафақат руҳий-маънавий, айни чоқда жисмоний озодалик, кўркамлик дини эканлиги, замонавий тиббиёт тили билан айтганда, ШАХСИЙ ГИГИЕНАни кўкларга кўтарувчи дин эканлиги айни ушбу пандемия даврида чинакам маънода исботини топди, десак мутлақо муболаға бўлмайди. Қолаверса, “Пандемия–19” барча асоратлари билан бир қаторда бутун башарият олдига шахсий гигиена тушунчасини тубдан янгилаш вазифасини кўндаланг қўйди. Инсониятнинг “Ё ҳаёт, ё мамот!” ўртасидаги нажот йўли ГИГИЕНАда эканлигининг исботлайдиган жойи қолмади.

Муқаддас китобларимизда ислом динининг бандаларига малол келмайдиган дин эканлиги, банданинг тоқатидан оғир тушадиган дин эмаслиги баён этилган. Барча саъй-ҳаракат ВАҚТИНЧАЛИК ВАЗИЯТ ТАҚОЗОСИдан келиб чиққан ҳолда ўзимизни, оиламизни, қўни-қўшнимизни, ёр-биродарлар ва қон-қариндошлар ҳаётини сақлашга қаратилганини бирор кун-бирор лаҳза унутишга ёки бундай талабларга беэътибор қарамасликни ИНСОНИЙ, ЭЪТИҚОДИЙ маслакка айлантиришга даъват этмоқда. “Мўмин мўминга кўзгу” деган муборак ҳадис бор. Дарҳақиқат, “Мўмин мўминга муҳофиз” – ҳимоячи ҳам десак, хато бўлмаса керак.

Муборак Ийдул фитр арафасида дуо қилайлик, Парвардигори олам балои офатларнинг юзини тескари қилсин, барча-барча ибодатларни беками кўст адо этадиган кунларимизни яқинлаштирсин!..

Манба:ЎзА

Check Also

ИСЛОМГАЧА БЎЛГАН ДАВРДА СЎҒД ВА МОВАРОУННАҲРНИНГ ИЛК ИСЛОМ ДАВРИДА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ВА КАМОНЧИЛИК АНЪАНАСИ

📢 ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅ Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка …