Инсоният яратилибдики, турли синовларни бошидан кечириб келмоқда.
Бугун халқимиз бошига тушган бу синовлар барча мўъмин-мусулмонларни огоҳ бўлишга ҳамда бу мусибатларни чиройли сабр ва матонат билан енгиб ўтишга чорлайди.
Давлатимиз раҳбари бундай синовларни фақатгина сабр-матонат билан, ваҳимага берилмасдан енгиб ўтишимиз лозимлигини боб-бот таъкидлаб, мавжуд муаммоли вазиятни яхшилаш учун амалга ошириш лозим бўлган зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди. Юзага келган вазият жиддий эканлигини барчамиз кўриб, қалбан ҳис этиб турибмиз. Бундай пайтларда халқимиз барча мусибату синовларни ўзининг мустаҳкам иродаси, ҳамжиҳатлиги ва гўзал сабри ила енгиб ўтган.
Синовларга сабр қилиш мўминнинг энг яхши сифати, унинг шаънини, обрўсини улуғловчи энг яхши ҳислатлардан биридир.
Сабрнинг луғавий маъноси ҳам чидаб туриш, ўзини тўхтатиб туришдир. Инсон бошиги мусибат етганда сабрли бўлиши ҳақида оят ва ҳадисларда бир қанча кўрсатмалар келган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: “Албатта биз сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр билан мукофотлаймиз”[1]дейди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ бирор бандани яхши кўрадиган бўлса, уни чораси йўқ мусибат билан имтиҳон қилади. Агар у рози бўлса, Аллоҳ уни Ўзи танлаб олган бандаларидан бири қилиб қўяди”, деганлар.
Демак, инсонга мусибат етганда, Аллоҳ таолонинг қазои қадаридан рози бўлиб, савобидан умидвор бўлган ҳолда матонат билан ўзини қўлга олиши энг гўзал сабр экан. Аксинча, Аллоҳнинг тақдирига рози бўлмасдан ўзини қўлга ола билмаслик, бу бесабрлик бўлади.
Аслида инсон Аллоҳдан соғлик, тинчлик сўраб доимо дуода бўлади. Шундан кейин ҳам бошига тушган турли синовларга сабр қилади. Бунинг учун ажр борлигини, қийинчилик ортидан яхшилик келишини умид қилади. Барча ишларни фақат Аллоҳнинг имтиҳони деб билади, ховлиқиб ваҳимага тушмасдан, аксинча бир тану бир жон бўлиб сабр қилади. Аллоҳ таоло: “Бас, албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир[2]”, деган. Демак, инсонга бир қийинчилик етиб, унга сабр қилса, орқасидан албатта бир қанча енгиллик, яхшилик етиши ҳақида айтиб ўтилмоқда.
Сабр гўзал сифат бўлиши билан бирга, аслида унга чидаш жуда мушкулдир. Чунки, инсон бошига келган ҳаёт қийинчиликларига инсоният ҳар доим ҳам бардош бера олмайди. У синовлар олдида баъзан букилиб қолади. Бу ҳаётда инсон борки, ҳаёт имтиҳонларига дуч келмай қолмайди. Бу ташвишли онларда унга сабр қилса ҳам, қилмаса ҳам ҳаёт давом этаверади. Аммо, сабр қилганлар улкан ажрларга эга бўладилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар (Имом Бухорий, Муслим ривояти). Аллоҳ таоло бандаларини яхшилик билан ҳам ёмонлик билан ҳам имтиҳон қилишини, ҳар бир иш фақат Унинг иродаси билан бўлишини билган мусулмон киши мусибатларда ўзини йўқотиб қўймайди.
Аллоҳ таоло бирор бандасини яхши кўрса, уни мусибат билан синайди. Унга етган қийинчиликлар сабабидан у ибодатга шошилади ва ажрга эга бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бошларига қийинчилик иши тушса, Аллоҳ таолонинг ояти каримасига мувофиқ намоз ўқишга шошилганлар. Чунки намоз, инсонни сабрига сабр қўшувчи, қалбига сокинлик ва хотиржамлик келтирувчи гўзал амалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сабр тўрт хил бўлади. Аллоҳнинг фарзларига яъни, зиммасига фарз қилинган амалларни бажаришликда сабр қилиш, мусибатга сабр қилиш, одамларнинг озорларига сабр қилиш ҳамда фақирликка сабр қилиш. Бас, фарзларга сабр қилиш – тавфиқ, мусибатга сабр қилиш – муҳаббат ва фақирликка сабр қилиш – Аллоҳ таолонинг розилигидир”. деганлар.
Мўмин киши ўз туғилиб ўсган Ватанига келган синовли кунларда доимо халқ билан бирга бўлиши, уларнинг ғам ва ташвишларини ўзиники деб билиши зарур. Чунки бу ҳислат мусулмонларнинг гўзал фазилатларидан саналади.
Аксинча, инсоният бошига етиб турган қийинчилик пайтида эҳтиёжмандларга қўлдан келгунча ёрдам қўллари узатилса улкан ажрларга эга бўладилар.
Аллоҳ таоло: “(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат) келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!”, деб марҳамат қилади.
Бу ояти каримадан Аллоҳнинг розилигига эришишликнинг йўлларидан бири сифатида суйган нарсаларидан ночор инсонларга эҳсон қилиш кераклигини англаш мумкин.
Аслида инсон ўзи тўплаган молу давлатидан эҳсон қилиш бироз қийиндек туюлади. Аммо эҳсондан келадиган савоблар ҳақида тафаккур қилинса, ўша қилинган ҳадялар уни улкан мукофотларга етказишини билиб олади.
Шундай экан, барчамиз бундай синовли кунларда сабрли бўлишга ҳаракат қилишимиз, имкони етганлар қўлидан келгунича атрофдаги муҳтож инсонларга ёрдам қўлини узатишга шошилиши лозим.