Тошкент шаҳрининг тарихи, тарихий топографияси, шаҳар аҳолисининг ўтмишдаги ҳаётини ўрганиш учун мозий муаррихлари томонидан яратилган тарихий асарлардан ташқари ҳужжатлар ҳам маълум аҳамиятга эгадир. Ўзбекистон Марказий Давлат архивида Ф. И-164 рақами остида сақланаётган “Тошкент қозикалони” деб аталувчи ҳужжатлар жамғармаси орасида айрим узилишлар билан 1869-1892 йилларда Тошкент шаҳрининг Себзор даҳаси қозиси бўлган Муҳаммад Муҳиддинхожа номи билан боғлиқдир. Мазкур жамғармадаги 58 жилдда жами 800 дан ортиқ ҳужжатлар сақланади ва улар асосан ўзбек ва форс-тожик тилидадир. Ҳужжатлар замон жиҳатидан 1822 йилдан 1922 йилгача бўлган даврни қамраб олади.
Ушбу ҳужжатларда Тошкент шаҳрининг ўша даврдаги бир қатор маҳалла, кўча, анҳор, гузарлари номлари зикр қилинади. Қозилик ҳужжатларида ҳуқуқ субъекти сифатида иштирок қилган кишиларнинг исми шарифлари, баъзан ёшлари, касбу корлари, ҳатто жисмоний белгилари ҳақида маълумот берилади. Ҳужжатларни мазмунига кўра олди-сотти, ибро (Ибро туридаги васиқаларда одатда берилган қарз қарздор томонидан қайтарилгани ва қарз берган кишининг бошқа ҳеч қандай даъвоси йўқлиги таъкидланган), ижара хати каби турларга ажратиш мумкин.
Жамғарманинг “Тошкент қозикалони” деб аталишининг сабаби эса ундаги қатор ҳужжатлар 1863 йилда Қўқон тахтига ўтирган Султон Сайидхон (1863-1865) томонидан Тошкент шаҳри қозикалони мансабига тайинланган ва 1865 йилда Тошкент руслар тарафидан ишғол қилингач ҳам ўз мансабида қолган Ҳакимхожа Эшон ибн Норхожа, яъни Муҳаммад Муҳиддинхожанинг отаси фаолиятига оидлигидир.
1869 йилда Туркистон генерал-губернатори К.П. фон Кауфман (1867-1881) Тошкентда қозикалон мансабини бекор қилади ва шу йили ўз вазифасидан четлаштирилган Ҳакимхожа Эшон вафот этади. Унинг ўғли Муҳаммад Муҳиддинхожа Себзор даҳаси қозилигига сайланади. У ўз даврининг маърифатли кишиларидан бўлиб, шоир Фурқат билан дўстона муносабатда бўлган. Фурқат ўз эсдаликларида Тошкентда бўлганида Муҳаммад Муҳиддинхожа хонадонида ҳам тургани, қозининг ақраболари ва ёру дўстлари билан биргаликда театр томошасига борганликлари ҳақида маълумот беради. Муҳиддинхожа ўз шахсий кутубхонасига ноёб қўлёзма китобларни йиққани ҳам маълум. Масалан, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарининг XVII асрда Самарқандда кўчирилган ва нафис мусавваралар билан безатилган бир нусхаси унинг кутубхонасида сақланган.
Кейинчалик ушбу нусха асарнинг 1972 йили Тошкентда амалга оширилган факсимиле нашрига асос бўлди.
Шуни таъкидлаш лозимки, ота-ўғил қозилар – Ҳакимхожа Эшон ва Муҳаммад Муҳиддинхожанинг фаолиятларига оид юзлаб ноёб ҳужжатлар ҳалигача кенг кўламда тадқиқ этилмаган эди. Биз Ўзбекистон Марказий Давлат архивида сақланаётган “Тошкент қозикалони” жамғармасидаги Муҳаммад Муҳиддинхожа фаолиятига оид 200 дан зиёд ҳужжатнинг илмий тавсифини амалга оширдик: (Себзор даҳаси қозиси фаолиятига оид ҳужжатлар // нашрга таёрловчи ва сўз боши Зиёдов Ш. Ғ. Каримов, П. Сартори. «Ўзбекистон» нашриёти. 2009. – 176 бет.).
“Тошкент қозикалони” жамғармасидаги Муҳаммад Муҳиддинхожа фаолиятига оид ҳужжатларни уч гуруҳга ажратиш мумкин:
- Муҳаммад Муҳиддинхожа бевосита ўзи ҳуқуқ субъекти (сотувчи, харидор, даъвогар, жавобгар ва ҳоказо) сифатида иштирок қилган ҳуқуқий ишларга доир ҳужжатлар;
- Муҳаммад Муҳиддинхожа қози сифатида ўз муҳрини босган ҳужжатлар;
- Бирон муносабат билан Муҳаммад Муҳиддинхожа номи зикр қилинган ариза, тилхат, таржимаи ҳол ва ҳоказолар.
Мазкур ҳужжатларда Тошкент шаҳрининг ўша даврдаги бир қатор маҳалла, кўча, анҳор, гузарлари номи зикр қилинади. Қозилик ҳужжатларида ҳуқуқий шахс сифатида иштирок қилган кишилар исми шарифи, баъзан ёши, касбу кори, ҳатто, жисмоний белгилари ҳақида ҳам маълумот берилади. Ҳужжатларни мазмунига кўра олди-сотти, ибро, ижара хати каби турларга ажратиш мумкин.
Албатта, архивлар ва қўлёзмалар хазиналаридаги ўз тадқиқотчиларини кутиб турган минглаб ҳужжатлар атрофлича ўрганилса, Тошкент тарихи ва шаҳар аҳолисининг ўтмишдаги турмушига доир қатор муҳим маълумотлар қўлга киритилиши шубҳасиз.
Ҳозиргача “Тошкент қозикалони” ҳужжатлар жамғармасидаги 200 дан ошиқ ҳужжатнинг ўзбек тилидаги батафсил тавсифи тузиб чиқилди. Бу ишни пойтахтимиз тарихига оид ноёб ҳужжатларнинг кенг кўламда тадқиқ этилишининг бошланиши, деб баҳолаш мумкин. Ҳужжатларда учрайдиган ўнлаб жой номларидан баъзилари ҳозиргача қўлланилса, баъзилари эса унутилиб кетган. Тадқиқот жараёнида қўлга киритилган илмий натижалар Тошкент шаҳрининг маҳалла ва мавзеларининг асл номини тиклаш ишларида тегишли муассасалар томонидан фойдаланилиши мумкин.
Қуйида ушбу ҳужжатлар тавсифларидан баъзи намуналарни келтирамиз:
№1
ўзб. 1865 й.
Ариза. Генерал-губернатор М.Г. Черняев номига, унинг тарафидан гўёким дин асосларини мустаҳкамлаш ва шариат қонунларини тартибга солиш учун тузилган “Янги низом ва тартиб мажлиси”га тайинланган аъзолар Юнусхон Эшон ибн Хонхожа Эшон, Мулла Мир Низомиддинхожа Абдулғаффорхожа ўғли, Раҳматуллоҳхожа Азимхожа ўғли, Қори Фазлуллоҳ Миржалол ўғли, Сайидбоқижон Абулқосимжон Эшон ўғли ва Баҳодурхожа Имом Муҳаммадхожа ўғли номидан ёзилган аризада улар аъзоликка тайинланганликлари учун ташаккур билдириб, губернаторнинг “Мажлис”га раис (садр-нешин) сайлаш ҳақидаги топшириғига биноан ҳаммалари иттифоқликда қилган қарорларига кўра Муҳаммад Муҳиддинхожа Эшон валади марҳум қозикалон Муҳаммад Ҳакимхожа Эшонни раисликга тайинлаш ҳамда мажлисни “Маҳкамат ул-ислом”, раисни “Садр уш-шари‘а” ва аъзоларни “Аминиддин” деб аташни илтимос қилишган.
Муҳрлар: 1) Юнусхон Эшон ибн Хонхожа Эшон муфтий аълам, 1285/1869-70 й.; 3,5 см (думалоқ);
2) Қозийи шаҳри Хўқанд Саримсоқхожа Абдусамиъхожа марҳум, 1301/1884-85 й.; 4 см (думалоқ);
3) Мулло Мир Фазлуллоҳ ибн Мулла Миржалол муфтий марҳум, 1291/1874-75 й.; 22х30 см. (овал);
4) Мулло Баҳодурхожа мударрис, 1293/1876-77 й.; 1,5х2 см. (овал);
5) Сайидбоқихон қози 1291/1874-75 й.; 1,6х1,6 см. (саккизбурчак).
Ўлчами: қоғоз 35,5х22 см; матн 19,5х16,2 см; 17 сатр. [2: рўйхат 1а, йиғма жилд 2: в.1а].
№ 2
ўзб. 1888 й.
Васиқа. Мулла Муҳаммад Муҳиддинхожа қози Ҳакимхожа ўғлининг Тошкент уездига қараган Ниёзбек волостига тобеъ Тиканликмозор мавзесидаги ота-боболаридан қолган мерос ерининг чегаралари ва унинг кўфас (купец) Гавриил Михайлович Беляковга тўрт юз сўмга узил-кесил сотилгани ҳақида.
1888 йил 27 ҳутда ўз имзо ва муҳрларини қўйган съезд қозилари: 1) Занги ота ва Чиноз қозиси Мулла Эшонхожа қози садрнешин, 2) Искандар ва Қўшқўрғон қозиси мулла Муҳаммадсафо, 3) Ниёзбек қозиси Мулла Мансурхожа, 4) Еттикент қозиси Мулла Ойхожа қози уезд ҳокимининг 6 ҳутда берган 1526-рақамли фармойишига кўра тошкентлик сарт Мулла Муҳиддинхожа қози Ҳакимхожа ўғлининг Тошкент уездига қараган Ниёзбек волостига тобеъ Тиканликмозор мавзесидаги ота-боболаридан мерос қилиб олган ва кўфас Гавриил Михайлович Беляковга сотган ери бошига бориб, қўшниларини ҳозирлаб текширганлар ва тўрт тарафини саржинлаб ўлчаганлар: мазкур ернинг қибла тарафи 130 саржин бўлиб, ҳаммаси Солор ариғига туташган; кунчиқар тарафи баъзиси Пирмуҳаммад матрукаси (мерос қолган мулк), баъзиси Ёрбобо матрукаси, баъзиси мазкур кўфас ерига, баъзиси Абдужаббор Мулла Абдуллоҳ ўғли ерига, баъзиси Мир Акбарали ерига туташган ва жами 760 саржин; Туркистон (шимолий) тарафи 126 саржин бўлиб, баъзиси Хазиначи Тўра ерига туташган; Хўжанд (жанубий) тарафи баъзиси мазкур кўфас мулкига, баъзиси катта йўлга туташган ва 59 саржиндир. Мазкур ерни мулла Муҳиддинхожа кўп муддат тасарруф қилиб, мазкур кўфасга 400 сўмга узил-кесил сотиб, пулини тўла олган. Мазкур ер вақф ёки чекликдан эмас. Мазкур ер қўшнилари: 1) Миракбар, 2) Абдрауфхожа Абдураҳимхожа ўғли, 3) Мулла Зокир Мулла Бадалмуҳаммад ўғли, 4) Мулла Мирзамуҳаммад Мулла Бадалмуҳаммад ўғли, 5) Абдулазиз Рўзимуҳаммад ўғли хабар берадиларки, мазкур ерда уларнинг жанжал ва даъволари йўқ ҳамда Мулла Муҳиддинхожа қозининг ўз отасидан қолган мерос ерни мазкур кўфасга сотмоғи дурустдир.
Йиғилганларнинг илтимосига кўра ҳужжатга Хожахон муфтий ва бошқа гувоҳлар: Мулла Муҳаммадёқуб, Мулла Сайидазизхожа имзо қўйишган.
Мазкур ер 80 таноб экан. Зангиота қозиси Мулла Эшонхожа қози садрнешин, Искандар қозиси Мулла Муҳаммадсафо, Ниёзбек қозиси Мансурхожа ва Еттикент қозиси Ойхожа қози ўз муҳрларини босишган.
1) Қози Эшонхожа ибн Маҳмудхожа Эшон Умарий, 1305/1888 й.; 3,5 см (думалоқ);
2) Қози Муҳаммадсафо ибн Мулла…., 1291/1874 й.; 3,5 см (думалоқ);
3) Қози Ойхожа ибн Офоқхожа Алавий, 1304/1887 й.; 3,1 см (думалоқ);
4) Қози Мулла Мансурхожа ибн Раҳмонхожа. 3 см (думалоқ).
Ўлчами (матн 3а-варақда саҳифанинг чап тарафи ярмига ва 3б-варақда ўнг тарафи ярмига ёзилган бўлиб, саҳифанинг қолган ярмига 1888 йилда амалга оширилган русча таржима битилган): 3а-в. қоғози 35,5х22,5 см, матни 33,5х 10,7 см; 3б-в. матни 10х10,5 см, сатр: 3а в. 26, 3б в. 9 [3: рўйхат 1а, йиғма жилд 6: в. 3а-б].
№ 3
ўзб. 1883 й.
Васиқа. Тошкент ҳокими фармойишига биноан Себзор оқсоқоли гувоҳлар иштирокида Мулла Муҳаммад Муҳиддинхожа валади марҳум қозикалон Муҳаммад Ҳакимхожанинг Тошкент шаҳрига тобеъ Қизилқўрғоннинг Тиканликмозор мавзесидаги ерларининг чегаралари, уларнинг ҳақиқатдан ўз мулки эканлигини тасдиқловчи васиқаларни текширгани ҳақида тузилган ҳужжат. Себзор оқсоқоли номидан ёзилган бўлиб, остига унинг муҳри босилган.
1883 йил 25 декабрда Себзор оқсоқоли қуйидаги гувоҳлар: Авлиёхожа ибн Шоҳ Юнусхожа, Усмонхожа Додахожа ўғли, Мирсоатбой Усмонбой ўғли ва Сойибназар Эшназар ўғли билан Мулла Муҳаммад Муҳиддинхожа валади марҳум қозикалон Муҳаммад Ҳакимхожанинг Тошкент шаҳрига тобеъ Қизилқўрғоннинг Тиканликмозор мавзесидаги ерларига бориб, ушбу васиқани ёзган.
1-бўлак ер: мазкур мавзедаги Лабзаҳ ариғи соҳилида. Қибла тарафи ҳаммаси катта йўлга туташган ва 1149 саржин; жануб тарафи ҳаммаси катта йўлга туташган ва 1108 саржин; шимол тарафи ҳаммаси Гавриил Михайлович Беляков мулкига туташган ва 382 саржин; шарқий тарафи баъзиси Абдурауфхожа валади Абдураҳимхожа мулкига туташган ва 105 саржин.
2-бўлак ер: мазкур мавзеда жойлашган бўлиб, алоҳида қўрғонча, иморат ва дарахтлари бор. Қибла тарафи ҳаммаси Солор ариғига туташган ва 297 саржин; шарқ тарафи ҳаммаси катта йўлга туташган ва 240 саржин; жануб тарафи Солор ариғининг хос йўлига туташган ва 103 саржин; шимол тарафи ҳаммаси Солор ариғининг тўғонига борадиган йўлга туташган ва 169 саржин.
3-бўлак ер: мазкур мавзеда жойлашган. Қибла тарафи ҳазрат Миён Рофеъ валади ҳазрат Калон мулкига туташган ва 197 саржин; шимол тарафи ҳаммаси катта йўлга туташган ва 169 саржин; шарқий тарафи баъзиси Зайниддинхожа валади Раҳматуллоҳхожа мулкига туташган ва 169 саржин, баъзиси Ганчтепа ва Орқакўча маҳалласи одамлари мулкига туташган ва 73 саржин; жануб тарафи ҳаммаси мазкур маҳалла одамлари мулкига туташган ва 122 саржин.
4-бўлак ер: мазкур мавзеда жойлашган. Шимол тарафи ҳаммаси катта йўлга туташган ва 410 саржин; шарқ тарафи баъзиси Ойхожа Эшон матрукасига туташган ва 150 саржин, баъзиси Орқакўча маҳалласи одамлари мулкига туташган ва 21 саржин; жануб тарафи ҳаммаси мазкур маҳалла одамлари мулкига туташган ва 220 саржин; қибла тарафи ҳаммаси мазкур маҳалла одамлари мулкига туташган ва 200 саржин.
Юқоридаги ерлар текширилиб, гувоҳлар хабаридан маълум бўлдики, ҳаммаси Муҳаммад Муҳиддинхожа Эшоннинг хос мулклари экан. Мазкур ерларга ҳеч кимнинг дахли ва даъвоси йўқ экан. Муҳиддинхожанинг қўлида кўп хат ва васиқалари бор экан. Жумладан: 1-васиқа 1081/1670 йилга оид, яъни тузилганига 220 йил бўлган; 2-васиқа 1150/1737 йилга оид, яъни тузилганига 151 йил бўлган; 3-васиқа 1210/1795 йилга оид, яъни тузилганига 91 йил бўлган; 4-васиқа 1289/1872 йилга оид, яъни тузилганига 13 йил бўлган экан. Мазкур ерда бошқа ҳеч бир одамнинг ҳаққи ва даъвоси йўқ. Уни қандай тасарруф қилиш мазкур мулк эгаси ихтиёридадир. Мазкур ерларнинг баҳоси 1500 сўмдир.
“Таҳқиқ қилиб, манга маълум бўлган ҳодисани ёзиб, гувоҳнома қилиб Себзор оқсоқоли муҳрим босдим”.
Муҳр: Тошкент Себзор оқсоқоли Муҳаммад Субҳон. 1,6х2 см (саккизбурчак).
Ўлчами (матн 6а-б-варақнинг чап тараф ярмига битилган бўлиб, варақнинг қолган ярмига русча таржимаси ёзилган): в. 6а: қоғоз 35,5х22 см; матн 32х9,5 см; 23 сатр; в. 6б: матн 31х10 см; 23 сатр. [4: рўйхат 1а, йиғма жилд 6: в. 6а-б].
№ 4
ўзбек. 1898/1316 й.
Олди-сотти васиқаси. Тахтапул дарвозасидан ташқарида Кайкоус ариғининг шимол тарафидаги дарахтзор ернинг Муҳиддин Хожага 80 рус сўмига сотилгани ҳақида.
1898 йил … оғуст (август) яъни 1316 йил …. рабиъ ус-сонийда Мир Олим бойнинг ўғиллари Мир Афзал бой ва Мир Комил ҳожининг ворислари қуйидаги мазмунда шаръий иқрор қилиб қўл қўйганлар: биз ўз ихтиёримиз билан ҳозир бўлиб, ўз розилигимиз билан Тахтапул дарвозасидан ташқарида Кайкоус ариғининг шимол тарафидаги отамиздан мерос қолган, Мирзо Хожанинг вақф тегирмонининг ёнидаги ерни ҳамда ичидаги терак, тол ва ўрикларнинг ҳаммасини Эшон қози Муҳаммад Муҳиддин Хожага 80 рус сўмига узил-кесил сотдик. Мазкур маблағни тўла олиб, мазкур ерни дарахтлари билан топширдик деб Мир Одил ҳожи Мир Комил ҳожи ўғли, Мир Саъдуллоҳ Мир Афзал бой ўғли, Асад Аллоҳ Мир Афзал бой ўғли.
Мирзо Муҳаммад Исҳоқ бой ўғли ваколат хати асосида Мир Ҳошим Мир Афзал бой ўғли, Мир Нодир Мир Афзал бой ўғли, Мир Афзал бойнинг хотини Мастура биби ва қизи Уча-хоннинг вакили сифатида қўл қўйган.
Ўлчами: қоғоз 19х22 см; матн 10х18,5 см; Сатр 10.
№ 5
Форс-ўзб.
1307/1890 й.
Тилхат. Файзи биби бинти Оқбўтабойнинг ўзининг ёш болалари эҳтиёжи учун марҳум эрининг вақф қилинган матрукаси ҳисобидан Эшон Муҳиддинхожа қозидан 20 сўм пул ва “Маслак ул-муттақийн” (Сўфи Аллоҳёр (ваф. 1720 ёки 1723 й.)нинг форс тилидаги шеърий асари, 1699-1700 йилда ёзилган.) китобини олгани ҳақида.
1307 йил 13 рамазон/1890 й. 2 майда (ҳошияда 1890 й. 20 афрел, жума) марҳум Мулла Сайид Акрамнинг хотини, 11 ёшлик Санъатуллоҳ, 9 ёшлик Лутфуллоҳ ва 14 ёшлик Зоҳида бибининг онаси Файзи биби бинти Оқбўтабой тўғри ва шаръий асосда ушбу мазмунда иқрор бўлган: мен мазкур марҳумнинг барча қарзларини узиш учун вақф қилинган ва Эшон Муҳаммад Муҳиддинхожа қози валади Ҳакимхожа қози калонга топширилган матрукасидан мазкур сағирларнинг эҳтиёжи учун, яъни уларни боқиш ва кийинтиришга зарур 20 сўм рус пулини мазкур қози қўлидан олдим. Шунингдек, мазкур марҳумнинг матрукасидан мазкур Зоҳида биби мактабда ўқиши учун битта Маслак ул-муттақийн қўлёзма китобини мазкур жаноб Эшон қозидан ориятан (Бирон нарсанинг ориятан берилишининг омонатга берилишдан фарқи шундаки, омонатга берилган нарса ишлатилмай сақланади ва муддати келганда эгасига топширилади. Ориятан олинган нарсани эса то эгасига топширгунча ишлатиш ва фойдаланиш мумкин) олдим.
Мазкур Файзи биби ва унинг муаррифи (Аёл киши паранжида бўлгани учун уни яхши танийдиган эркак унга муарриф бўлган) Бобоқўзи оқсоқол валади Рўзимуҳаммадбой хат билмагани сабабли илтимосларига кўра Шоҳсайидхожа Шоҳобидхожа ўғли қўл қўйган.
Гувоҳлар: Исроилхожа Охундхожа ўғли, Шаҳобиддинхон Имоммуҳаммадхон ўғли, Муҳаммадрасул Собирбой ўғли.
Матн остида Шайх Хованд Таҳур даҳаси қозиси Қози Сайидумар махдум имзоси бор.
Муҳр: Қози Сайид Умар махдум ибн домулла Мирибодуллоҳ охунд аълам марҳумий, 1307/1890 й. 4,2 см (думалоқ);
Васиқанинг 1956 йил 5 октябрда Нурхожаев ва Сагдуллаева тарафидан амалга оширилган қисқача русча тавсифи алоҳида карточкада мавжуд.
Ўлчами: қоғоз: 19х22,5 см; матн 12х18 см; 11 сатр. [6: рўйхат 1а, йиғма жилд 7: в. 41а].
-
Юсупов Ш. Тарих ва адаб бўстони. Тошкент: Маънавият, 2003.
-
Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви (ЎзР МДА), Ф. И-164, рўйхат 1а, йиғма жилд 2.
-
ЎзР МДА, Ф. И-164, рўйхат 1а, йиғма жилд 6.
-
ЎзР МДА, Ф. И-164, рўйхат 1а, йиғма жилд 16.
-
ЎзР МДА, Ф. И-164, рўйхат 1а, йиғма жилд 6.
-
ЎзР МДА, Ф. И-164, рўйхат 1а, йиғма жилд 7.
-
Ўринбоев А. Шарафиддин Али Яздий ва унинг Зафарнома асари қўзлёзмаси // Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Нашрга тайёрловчи, сўзбоши, изоҳ ва кўрсаткичлар муаллифи А. Ўринбоев. Тошкент: Фан. 1972. Б. 9-20.
-
Себзор даҳаси қозиси фаолиятига оид ҳужжатлар // нашрга таёрловчи ва сўз боши Зиёдов Ш. Ғ. Каримов, П. Сартори. «Ўзбекистон» нашриёти. 2009. – 176 бет.