Home / Имом Бухорий ҳадислари / Қандай инсоннинг ризқи кенг бўлади? РАМАЗОН ТУҲФАСИ

Қандай инсоннинг ризқи кенг бўлади? РАМАЗОН ТУҲФАСИ

Ҳадис ва ривоятлар инсонни ҳаётлик чоғида яхшилик қилиш, саодатли умрга чорлайди. Қуйида эса силаи раҳм қилган инсон эришажак фазилатлар ҳақидаги таълимотларни ўрганамиз.
 
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَقُولُ مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ، وَأَنْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ.
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Кимники ризқининг кенг ва фаровон бўлиши ва ажалининг кечга сурилиши (умри узун бўлиши) хурсанд қилса, бас силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини боғласин!)” – деганларини эшитдим”, – деди.
 
Абу Ҳурайра – саҳоба. Унинг тўлиқ исми Абдуроҳман ибн Сохр Давсий Яманий. Абу Ҳурайра эса у кишининг куняси бўлиб, ўша даврда арабларда кишиларни ўз номи билан эмас балки фарзандининг исмини ёки бирор исмни айтиб фалончининг отаси (Абу Абдуллоҳ, Абу Ҳурайра) деб чақириш одати бор эди. Нима сабабдан Абу Ҳурайра деб куняланганлиги сабабини Абдуроҳман ибн Сохрнинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Бир мушукча топиб олгандим ва уни енгимда олиб юрардим.
 
Шу сабабдан мени Абу Ҳурайра (мушук боқувчиси) дея чақирадиган бўлишди”.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳижратдан 23 йил аввал 599 йилда Яманда таваллуд топган. Ҳижрий еттинчи йилда исломни қабул қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайрани ридоларига ўтқазиб, уни яктак – ридолари билан ўраб: “Эй Абу Ҳурайра, илм сенга юқсин!” – деб дуо қилганлар.
 
Абу Ҳурайра: Ўшандан кейин ҳеч нарса эсимдан чиқиб кетмайдиган бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида йигирма йиллаб юрган баъзи саҳобалар юзта ҳадисни ёд ололмаган. Аммо Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу уч йил ичида 600000 ҳадис ёд олган. У кишининг ислом динида, хоссатан ҳадис ривоят қилиш борасида алоҳида илҳом ва мақомга эга эканликларини англатади.
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларининг баракоти сабабидан у киши саҳобалар ичида энг кўп 5374 та ҳадис ривоят қилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳижрий қамарий йил ҳисоби билан 79 ёшда 56/676 йили Мадинада вафот этган.
 
Ҳадиснинг умумий маъноси:
 
Қариндошлик ришталарини маҳкам тутиш, узилиб кетган қариндошлар билан боғланишнинг инсон учун жуда катта манфаатлари мавжуд бўлиб, улардан айримларини Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам айтиб ўтдилар.
 
“Кимники ризқи кенг ва фаровон бўлиши ва орқасидан асари кўп қолиши (умри узун бўлиши) хурсанд қилса, бас қариндошлик ришталарини боғласин!” Гўёки силаи раҳм қилган кишининг молу дунёси камайгандек бўлади. Бироқ Аллоҳ таоло унинг молини кўпайтириб, баракали қилиб ва умрини зиёда қилиб ҳамда уни ортидан яхши хотиралар қолишини таъминлар экан.
 
Демак, силаи раҳм кишига Аллоҳ таоло томонидан ажру савоб берилишига, ризқини кенг бўлишига ва орқасидан яхши ном қолишига сабаб бўлар экан.
 
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
 
Силаи раҳм жуда эътибор қилиш керак бўлган амаллардан эканлиги;
 
Силаи раҳм ризқнинг кенг бўлишига сабаб бўлиши;
 
Қариндошлик ришталарини мустаҳкам қиладиган кишининг умри узун бўлиши;
 
Қариндошлик ришталарини мустаҳкам қиладиган кишининг турмуши фаровон бўлиши;
 
Силаи раҳм эгасининг ортидан яхши ном қолишига сабаб бўлиши.
 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Манба: ЎзА

Check Also

Камсуқумлик ва камтарликнинг дурдона ибратлари

Аҳли ислом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни жуда яхши билади ва у зотнинг барча фазилатлари билан …