Ҳар бир даврнинг ўз фақиҳу алломалари бўлиб, улар халқ турмуш тарзидаги муаммолар, ибодат ва бошқа масалаларда таълим олишган. Бу аср Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидаги шаръий даврнинг давоми ҳисобланади. Чунки Пайғамбар алайҳис салом ўзларидан кейин суннатларини ва хулафои рошидинларнинг йўлларини тутишни бундай деб васият қилгандилар: “Сизлар менинг суннатимни ва тўғри йўлда қоим бўлган хулафои рошидинларнинг суннатини маҳкам ушланг. Уни озиқ тишлар билан маҳкам тишлаб олинг”[1]. Яна бир ҳадисларида: “Мендан кейин мана бу иккисига, Абу Бакр ва Умарга эргашинглар”[2] деган. Пайғамбар алайҳис саломдан сўнг давлатни ҳидоятга эргашган хулафои рошидинлар бошқардилар. Улар Аллоҳ маърифатига эга олим, ҳукм чиқаришда етук фақиҳ, фатво беришда мустақил зотлар эди. Бу, Аллоҳ жорий қилган шариатдан бошқасини улар пайдо қилади, дегани эмас. Бунинг сабаби шуки, уларнинг динни, Қуръонни ва суннатни тушуниш борасидаги илмлари жуда ҳам кенг бўлган. Расулуллоҳнинг қилган амалларида ҳам ўта ҳарис зотлар эди. Шунга қарамасдан улар ҳукм чиқаришдан қочишган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Агар мен Аллоҳнинг Китоби борасида билмасдан гапирсам қайси осмон менга соябон бўлиб, қайси ер мени кўтариб туради?!”,[3] деган. Умар розияллоҳу анҳу: “Динга бўлган шахсий раъй-фикрингиздан шубҳа қилинглар. Биздан бўлган фикр, у тахмин ва такаллуф (билмасдан айтилган фикр)дир”[4] деган. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Агар дин раъй-фикр билан бўлганда, махсининг устидан кўра остига масҳ тортиш маъқулроқ бўлар эди”,[5] деган.
Хулафои рошидинлар уларга келган масалаларни фиқҳий ҳукмларини чиқаришда Қуръон ва Расулуллоҳнинг суннатларидан фойдаланардилар. Қуръон ва суннатдан топиш мушкил бўлган масалалар учраганда эса, одамларни тўплаб Расулуллоҳдан бу масала ҳақида бирор гап эшитганлари бўлса ёки бу масалаа ўхшаган воқеалар бўлган бўлса, ё бўлмаса оят ёки ҳадисни ҳукмини тушунганидан бир хулосага келишлари учун улар билан маслаҳатлашардилар. Шунда ҳам бир натижага эриша олмасалар, оят ва ҳадис матнларининг мақсадларини фаҳмлаб, юзага келган масалаларда ижтиҳод қилишган. Зеро, ҳодиса ва воқеалар ўз замонига келиб янгича кўринишда бўлади. Уларнинг барчасига ҳукм чиқаришда шаръий далил матнларини келтиришни иложи бўлмайди. Шунда ҳукм чиқарувчи лозим бўлганда матнларни татбиқ қилиш ва ҳукмларни ахтариш учун ижтиҳод уламоларига мурожаат қилади. Жамоа билан қилинган ижтиҳод ва маслаҳат уларнинг ўзаро фикр алмашиши орқали амалга оширилгани учун ҳам якка тартибдагидан устун туради. Чунки, у ўртага ташланган масалани ҳар томондан қамраб олиш, янада яхшироқ тушуниш имконини беради. Абу Бакр саҳобалар билан бувининг мероси ҳақида маслаҳатлашган. Умарнинг тўлиқ ажрашган аёлнинг нафақаси ва турар жойи ҳақида мушовара қилгани, шунингдек, бармоқлар тавони, ўлик ҳолда тушган боланинг ҳомила тавони ҳақида ва мусулмон шаҳарлари кенгайиб, шарқ ва ғарбга чўзилиб, янги масала ва муаммоли ечимлар кўпайган пайтда саҳобалар билан маслаҳатлашиб фатво берганлар. Чунки ўша шаҳарларнинг турмуш тарзи, қадриятлари ва ижтимои урф-одатлари мусулмон жамиятининг қадрият ва одатларининг акси бўлган. Бу эса ўз ўрнида, у ерларда ислом ҳукмининг ва уларга матнларни татбиқ қилишда ижтиҳоднинг эҳтиёжи борлигини кўрсатган.
Ибн Саъддан санади билан ривоят қилинади: “Абдурраҳмон ибн Қосим, у отасидан ривоят қилган. Агар Абу Бакрга бирор ишнинг масаласи келиб қолса, шу иш борасида муҳожир ва ансорлардан бўлган аҳли раъй ва аҳли фиқҳни – Умар, Усмон, Али, Абдурраҳмон ибн Авф, Маъоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумлар билан ҳаммаслаҳат бўлишни хоҳларди. Уларнинг ҳар бири Абу Бакр халифалигида фатво беришарди. Улар одамларнинг муфтийсига айланди. Абу Бакр шундай қилиб давом этди. Кейин Умар халифа бўлганида, ўша кишиларни (фатво беришга) чақирди. Шу тарзда фатво бериш Умар халифа бўлиб турганда Усмон, Убай ва Зайдда эди”, деди”[6].
Шурайҳдан ривоят қилинади, у ҳукм борасида сўраб Умарга мактуб ёзди. Шунда Умар унга “Аллоҳнинг китобидаги нарса билан ҳукм қилишни, Аллоҳнинг китобида йўқ бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан ҳукм қилишни (буюрди). Аллоҳнинг китобида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам (зикр қилимаган бўлса) солиҳлар ҳукм чиқарган нарса билан ҳукм чиқар. Агар Аллоҳнинг китобида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам (зикр қилимаган бўлса), солиҳлар ҳам ҳукм чиқармаган бўлса, хоҳласанг (ҳукм қидиришда) давом эт, хоҳласанг қўйгин. Тарк этиб қўйишинг ўзинга яхши деб ўйлайман вассалому алайка”[7] деб ёзди.
Мана шу давр фиқҳ ва шаръий ҳукмларни чиқариб олишнинг биринчи тамал тоши қўйилганлиги билан ажралиб туради. Одамларга Қуръон ва суннатни ўргатиш учун бошқа шаҳарларга юбориш вақтида фиқҳ ҳам улар орқали кириб борди.
Бу аср яна қаттиқ хирс билан Қуръоннинг фиқҳ бўлгани билан ажралиб туради. Қараза ибн Каъбдан ривоят қилинади: “Умар бизни Ироққа жўнатганда биз билан юрди ва: “Нимага сизларни кузатаётганимни биласизми?” деб сўради. Улар: “Ҳа биламиз, бизни ҳурмат қилганингиздан”, дейишди. Умар: “Шу билан бирга, сизлар қишлоқ (Ироқ) аҳлига асалари увиллагани каби Қуръонни авози билан борасиз. Шундай экан, ҳадислар билан уларни тўсиб қўйманг, уларни ташвишга солиб қўясиз, ёлғиз Қуръонни ўргатинглар. Расулуллоҳдан ривоятни камайтиринглар, мен сизларнинг шерикингизман”, деди. Қараза ибн Каъб Ироққа борганида улар: “Бизга ҳадис айтинг” дедилар. Қараза: “Умар розияллоҳу анҳу ҳадис айтишдан бизни қайтарди”, деди”[8].
Умар Розияллоҳу анҳу ҳадислар одамларнинг фитналаниб қолмасликлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоятни кўпайтириб Қуръоннинг аҳамиятини камайиб қолишидан, сўнг Қуръоннинг суннат билан аралашиб кетишидан қўрқиб, ҳадисни кўп биладиган кишиларни, ҳамда катта саҳобаларни Мадинадан чиқишини ман қиларди. Яна уларни шаҳардан чиқармасликка қуйидаги бир неча сабаблари бўлган:
- Умар розияллоҳу анҳу ҳадисни кўп биладиганларга бошқалардан кўра Мадина аҳли кўпроқ эҳтиёжи бор деб биларди.
- Мусулмонларнинг миҳим фиқҳий масалаларида улардан маслаҳат олишга ўзининг эҳтиёжи борлиги.
- Улар бошқа юртларга борганларида Расулуллоҳнинг саҳобалари ва шаҳридан келган деб одамлар уларни фитналаб қўймаслиги учун, чунки бундан аввал Исломда жиҳодлари билан пешқадам бўлган Холид ибн Валид, Мусанно ибн Хориса Шайбоний каби саркардаларни одамлар улар сабабли ғалаба бўлаяпти деб фитналаниб қолмасликлари учун саркардаликдан бўшатган эди.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари кўпайиб одамлар Қуръондан чалғиб қолишлари сабаблидир.
Бу асрда фиқҳнинг ўсишида хулафои рошидинлар халифаликлари катта аҳамиятга эга бўлган. Айниқса, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврининг охири, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу халифали вақтида фиқҳ илми ривожланди. Бунинг юксак таъсири фиқҳнинг учинчи даврида, хавориж каби фирқалар пайдо бўлганида яққол намоён бўлди. Улар ўзларининг нотўғри фиқҳий фикрларини олға сурганларида, хулафои рошидинларга эргашган аҳли сунна вал жамоа уларга қарши эканини намойиш қилди, уларнинг фикр ва гапларига раддиялар берди.