Хайру-саховат ҳақида сўз борганда, ёши улуғларнинг “болам саховатли бўл, ҳеч қачон бахиллик қилма, саховатпеша, олийҳимматли бўлиш энг яхши фазилатлардан биридир. Муҳтожлар ҳолидан хабар ол…”, деган панд-насиҳатлари ёдимга тушади.
Абдулла Авлоний саховатли, олийҳимматли бўлиш ҳақида шундай дейди: “Олийҳиммат деб дин ва миллатга фойдали ишларни мол ва жон ила ишламакни айтилур. Ҳиммат шундай бир олижаноб фазилатдурки, инсониятнинг кони, яхши хулқларнинг посбони демак жоиздур. Ҳиммат соҳиблари карим сифатли, раҳим табиатли бўлур. Ўз жинсининг авлодидан ҳар вақт ёрдамини аямас. Хайру саховатли ишлардан ўзини тортмас. Пул ва молини миллат йўлида сарф этмакдан қизғанмас. Олийҳиммат киши сояси латиф, меваси лазиз дарахт кабидурки, бу сояга яқин бўлган кишилар ҳар вақт фойдаланурлар!”.
Ҳар бир нарсанинг акси бўлганидек, саховатли бўлмаган кишига албатта бахиллик эшик очади.
Саховат қилмаган кишини бахиллик иллатлари ўраб олади. Саховат қилмасак, демак бахиллик кўчасида юрибмиз.
Бахил киши бало, маломат ва зиён захматда бўлса, саховатли киши эса доимо баракали, марҳаматли, ҳимматли бўлади.
Саховатни фақат муайян бир нарсаларни бериш, инъом қилиш деб тушунмаслик керак. Саховат ҳар қандай кўринишда намоён бўлиши мумкин. Хусусан, илм бериш ва олишда, суҳбатда, юриш-туришда, меҳнатда, умуман олганда кишининг барча ҳаракатида саховат мужассам бўлади. Фақат инсон уни ҳис этиши керак.
Шайх Саъдий айтади:
– Бир донишманддан: саховат билан шижоатнинг қайси бири яхшироқ?, деб сўрадилар.
Донишманд: “Кимда саховат бўлса, у кишига шижоатнинг ҳожати йўқдир”, деб жавоб берди.
Бугунги кунда уйда қолиб ота-онамиз, фарзанд ва набираларимизга эътиборли бўлсак, бобо ва бувиларимиз ўгитларига амал қилиб, бу ҳақда фарзандларимизга ҳам сўзлаб берсак манфаатли иш қилган бўламиз. Зеро, бу ҳам саховатнинг бир бўлаги демакдир.