Ироқда ташкил топган Ҳанафий мазҳаби Мовароуннаҳрга икки йўл орқали кириб келган. Биринчи йўл бевосита, Ироқда яшаган мазҳаб асосчиларидан уларнинг Балхда яшаган шогирдлари орқали, хусусан, Абу Бакр ал-Жузжоний орқали Самарқандга кириб келган. Иккинчи йўл эса бевосита, мазҳаб асосчиларидан тўғридан-тўғри Мовароуннаҳр диёрига, яъни Абу Ҳафс ал-Кабир Бухорий орқали Бухорога олиб келинади.
Абу Ҳафс ал-Кабир Бухорода ҳуқуқий мактаб яратган буюк фақиҳдир. У ўз илмий фаолияти давомида шогирдларига ҳанафий мазҳабини ўргата бошлайди. Унинг таълим берадиган жойи Бухоронинг Харожир қишлоғи бўлган. Унинг қўлида кўпгина фақиҳ ва олимлар етишиб чиқди. Ҳатто тарихчиларнинг таъкидлашларича, имом ва уламоларнинг ҳурмат топишига сабабчи бўлган.
Абу Ҳафс ал-Кабир Бухорода фиқҳ мактабининг шаклланишига асос солган алломадир. У ҳанафий мазҳабига оид “Китоб ар-Радд ‘ала ал-Аҳл ал-Аҳва” (Ҳавойи аҳлларга раддия китоби), “Китоб ал-Ихтилоф” (Ихтилоф китоби), “ар-Радд ‘ала ар-Рофидия” (Рофизийларга раддия) асарларини ёзган.
Бухоро фиқҳ мактабининг шаклланишида Абу Ҳафс ал-Кабирнинг ўғли Абдуллоҳ ҳам катта хизматлар қилган. Шу сабабли уни “Абу Ҳафс ас-Сағир”, яъни “кичик Абу Ҳафс” деб аташган.
Сомонийлар ва Қорахонийлар даврида унинг марказий шаҳарларидан бири бўлган Бухоронинг аҳамияти тобора кучайиб борди. Мамлакатда ҳанафий мазҳабининг ривожига урғу берилди. Давлат бошқаруви, қозилик маҳкамалари ҳанафий фиқҳи асосида бошқарилди.
Сомонийлар даврида саройда таълим бериш билан шуғулланган Абдуллоҳ Субазмунийнинг (872-952) фиқҳ мактабининг шаклланишидаги ҳиссаси каттадир. У асосий таълимни отасидан, отаси эса Абу Ҳафс Сағирдан ҳуқуқ илмларини ўрганган.
Субазмуний Имом Абу Ҳанифанинг ҳуқуқий қарашларининг чуқурлигини исботлаб берувчи “Кашф ал-Асрор” асарини ёзган. У бундан ташқари “Абу Ҳанифа ҳадис билмас эди”, деган айбловларни рад қилиш мақсадида “ал-Муснад” асарини ёзган. Унда Абу Ҳанифа ривоят қилган ҳуқуқ ва бошқа соҳаларга оид ҳадислар тўпланган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон, Европа ва бошқа давлат тадқиқотчилари VIII-X асрларни ўрганишда унинг ушбу асарига мурожаат қилишади[1].
Мазҳаб фиқҳини ёйишда Абдуллоҳ Субазмунийнинг шогирди Муҳаммад ибн Фазл Бухорийнинг (ваф. 991-й) ҳиссаси ҳам салмоқлидир.
X-XI асрларда Бухоро ва унинг атрофида ислом ҳуқуқшунослигининг ривожини кузатсак, барчаси Муҳаммад ибн Фазл номи билан боғлиқ. Бухоро ва унинг атрофида етишган барча олимлар силсиласида Муҳаммад ибн Фазлнинг исмини кўрамиз.
Фиқҳ мактабининг ривожланишига катта ҳисса қўшган олимлардан бири Ҳоким Шаҳид (855-945) номи билан танилган Муҳаммад ибн Муҳаммад Аҳмад Марвазийдир. У Бухорога қози этиб тайинланган. Сомонийлар даврида вазир лавозимини эгаллаган. Унинг ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий мазҳаби ривожига катта ҳисса қўшган “ал-Кофий” асари машҳурдир. Ушбу асар “Зоҳир ар-ривоя” туркумига кирувчи олтита китобда такрорий келган нормаларни олиб ташлаб, яхлит битта тизимга келтирилган асардир.
Бухоронинг йирик “етти қози”сидан бири Абу Зайд Дабусий (978-1039) нафақат Бухорода балки Мовароуннаҳрда ислом ҳуқуқшунослиги ривожида алоҳида фигура ҳисобланади. У “ал-Амад ал-Ақсо”, “Тақвим ал-Адилла”, “Таъсис ан-Назар” номли асарлар ёзган.
Унинг “Тақвим ал-Адилла” асари ислом қонуншунослиги ва ҳуқуқ назарияси (усул ал-фиқҳ) бўйича Мовароуннаҳрда яратилган ва бизгача етиб келган энг қадимий асар ҳисобланади. Шу сабабли Абу Зайд Дабусийни ислом қонуншунослиги ва ҳуқуқ назарияси (усул ал-фиқҳ) фанининг Мовароуннаҳрдаги асосчиси дейиш мумкин. Ибн Халдуннинг таъкидлашича, Дабусийнинг усул ал-фиқҳ бўйича ёзган китоби бу соҳада ёзилган асарларнинг энг муҳимларидан бири ҳисобланади[2].
Булардан ташқари, Бухоро фиқҳ мактабининг шаклланиши ва ривожланишига Шамсулаимма Ҳалвоний (ваф.1057), Шамсулаимма Сарахсий (1009-1088), Садрушшаҳид ва Шамсулаимма Заранжарий каби олимлар катта ҳисса қўшдилар.
Шамсулаимма Ҳалвоний Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳаби ривожида янги даврни бошлаб берганлиги учун у даврларни ажратиб, белгилаб берувчи шахс сифатида эътироф этилган. Шу сабабли ҳам Бухорода фиқҳ илми силсилалари Ҳалвонийда бирлашади.
Шамсулаимма Абу Саҳл Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий 1009 йил Машҳад ва Марв оралиғидаги Сарахс ҳудудида туғилган ва 1090 йил Фарғонада вафот этган. Ўн беш йил давомида Ўзганда қамоқда ётган[3]. У устози Шамсулаимма Ҳалвонийнинг ишини давом эттиради. Уни бутун ислом дунёси танийди. Негаки, бутун дунё имом Муҳаммад Шайбонийнинг “ас-Сияр ал-Кабир” асарини ҳозирги кунда унинг шарҳи орқали таниган.
Сарахсий “ан-Нукат”, “усул ас-Сарахсий” номи билан машҳур ҳуқуқ назариясига оид асарни ёзиб қолдирган.
Шу тариқа Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг шаклланишига асос бўлиб хизмат қилган Бухоро фиқҳ мактаби IX-аср давомида шаклланиб борди ва X-XI асрларда ривожланди. Айнан шу даврда нафақат Мовароуннаҳр балки бутун дунё ислом қонуншунослиги ва ҳуқуқ назарияси (усул ал-фиқҳ)нинг ривожига катта ҳисса қўшган нодир асарлар яратилди. Фақиҳ алломаларимиз томонидан фиқҳнинг ривожига қўшган хиссаларини ўрганиш ва уларнинг асарларни илмий тадқиқ қилиш бизнинг олдимизда турган долзарб вазифалардан биридир.
[1] А.Сарсенбаев,М.Атаев. Мовароуннаҳр фақиҳлари. –Т.: “Мовароуннаҳр”, 2011. –Б.11.
[2] Ибн Халдун. Ал-Муқаддима. Искандария: Дору Ибн Халдун. Б.320.
[3] O.Leaman. The Biographical Encyclopedia of Islamic philosophy. “Bloomsbury”. London-2015. –B.442.