Албатта, оламнинг мунавварлиги инсон билан. Ҳар бир инсон ўзи туғилиб ўсган қишлоқ, шаҳар, мамлакат тарихини мукаммал билишлиги, ўтган аждодлари қолдирган бой маънавий меросни ўрганишга, асраб-авайлашга ва келажак авлодга муносиб аждод бўлишлик йўлида камарбаста бўлмоқлиги ҳамманинг дилидаги умиди ва мақсадидир.
Пайариқ тумани ҳозирги пайтда ўз маъмурий ҳудудига кўра бир томондан Жиззах вилояти, иккинчи томондан Навоий вилоятлари ва бошқа томонлардан Самарқанд вилоятининг Оқдарё ва Жомбой туманлари билан чегарадош эканлиги кўриш мумкин. Туманда етмишга яқин маҳаллалар бор бўлиб, шу маҳаллалардан бири Илғор маҳалласидир. Биз айтаётган Чанғароқчи қишлоғи шу маҳаллада. Чанғароқчи қишлоғининг Шимол тарафида Қози қишлоғи жойлашган, Шарқ томонида Ойтамғали ва Бешкапа қишлоқлари, Жанубий Ғарб томонида эса Эшмансоқ, шунингдек Жануб томонида Томайрот, Ғарб томонида эса Деварак ва Ровот қишлоқлари бор.
2006 йили катта илмий ва тарихий шов-шувларга сабаб бўлган, археологик қазишмалар пайтида минг донадан кўпроқ олтин буюмлар топилган ва шартли равишда “Сак маликасининг қабри” деб аталган, ҳудуди бўйича 10-12 гектардан иборат чегарани эгаллаган ва кейинги даврда мозорга айланган қадимий шаҳар ўрни ҳам худди шу Чанғароқчи қишлоғининг шимоли шарқ томонидан 1,5 км наридаги Туёқли, Абдираҳмон азизлар, Шаммат, Чандр деб аталадиган қишлоқларнинг ўртасида жойлашган.
Чанғароқчи аслида уруғ номи бўлиб, Оқбўйра, Сўзоқ, Буғач, Тўрайғир, Қоратикан, Оқтикан, Қизилмуш, Узунқишлоқ, Тозмаҳалла, Каттаяйдоқ топонимлари каби ўзбек халқининг энг катта ва нуфузли қабилаларидан биттаси саналган Қипчоқ қабиласига мансуб бўлган қипчоқ уруғларидан бирининг номи билан аталгандир.
Бундан кўринадики, Чанғароқчи – Қипчоқ қабиласига мансуб бўлган уруғ эканлиги ойдинлашиб, шу аснода бу ерда қипчоқ қабиласининг Чанғароқчи уруғи яшаётганлиги боисидан мазкур топонимни, яъни Чанғароқчи номини олганлиги маълум бўлади.
Нисбатан кичикроқ мазкур қишлоқ тарихи борасида изланишларни бошлар эканмиз, ҳозир қишлоқ ҳудудига қарашли эски қабристон ўрнида ястланиб турган ва ўтмиши узоқлардан дарак берувчи сандиқ кўринишидаги қабртошга, унинг эски ёзувларига алоҳида диққат қилишни лозим санадик.
Биз кўриб турган ушбу қабртошлар 2 дона бўлиб, улар кўк – кул ранг тусдаги мармар тошдан ясалган, биринчисининг ўлчами: бўйига 152 см; эни эса 30 см; шунингдек баландлиги 45 см; у тахминан 2×1м ўлчамли ва қалинлиги 12 см бўлган тошдан йўнилган лавҳ устига қўйилган. Айтишларича, ушбу ўлчамдаги қабртошлар одатда марҳума аёлларнинг қабрлари устига ўрнатилар экан. Иккинчи қабртошнинг ўлчами эса ҳар томонлама биринчисиникига қараганда 10-15 см.га каттароқ бўлиб, бундай қабртошлар марҳум эркаклар қабри устига қўйилар экан.
Одатда узоқ йиллар давомида бу қабртошлар тупроққа чўкиб қолади, чунки табиий шамоллар тинимсиз равишда бу ерларга тупроқнинг чанг-ғуборларни учириб келади, ёмғирлар эса янги лой ва қуйқаларни олиб келади ёки уларни ювиб кетади. Шунинг учун ҳам илгариги замонларда бир неча бор маҳалла фаоллари томонидан ушбу қабртошлар ўз ўрнидан бироз кўтариб қўйилган. Бу ҳақда маҳалла қарияларининг гувоҳликлари бор.
Эски қабртошларни ўрганиш бўйича мутахассис М. Амоновнинг далолат қилишига кўра, ушбу чиройли услубда ишланган қабртошларга араб ёзувидаги настаълиқ хатида Қуръони карим оятлари ва муқаддас калималар битилган. Қабртошнинг орқа ва олд томонларида шундай ёзувлар бор: “Ҳаза марқад ал-мағфур ал-марҳум мусаммоти Момо отун бинти Мавлоно Фахриддин ибн Мавлоно Қози Мутаҳҳир”, “фи торих муборак мин шаҳри Рамазон, санаъ аҳади ва ситтин ва тисъа миа”. Араб тилидаги ушбу ёзувларни бизнинг ўзбек тилига ўгирсак, қуйидагича матнга эга бўламиз, яъни: “Ушбу қабр эгаси мағфиратли марҳум, мавлоно қози Мутаҳҳирнинг ўғли мавлоно Фахриддиннинг қизи Момо отундир”, “у муборак Рамазон ойида ҳижрий 961 йилда вафот этган”, – деб ёзилган. Агар ушбу ҳижрий санани милодий санага ўгирсак 1554 йил келиб чиқади.
Маълумки, иккинчи қабртош бир неча бўлакларга бўлинган ҳолда турибди. Айтишларича, бу қабртош чамаси 30 – 40 йилча илгари шу теваракдаги ариқлар экскаватор билан қазилаётган пайтда, экскаватор ковуши билан экскаваторчи томонидан бир неча бўлакларга бўлиб ташланган экан. Ҳозирда қабртошлар маълум пайтлари бажарилган қазиш ва текислаш ишлари важидан ўз ўринларидан бошқа жойларга силжитилган ҳолда турибди.
Шу тариқа иккинчи қабртош бир неча майда бўлаклардан иборат ва ундан қуйидаги ёзувларни аранг кўчириб олдик, унда ёзилишича: “Ҳаза … мир … ва ҳадиқат мин ҳадоиқ … марқад қози Муллахожа ибн хожа … ибн мулло …” – деб ёзилган, шунингдек санаси эса қуйидагича: “фит-торих шуҳур сана … алф ва ситтин ва хамс”. Ушбу тўла тиклашнинг иложи бўлмаган ёзувлардан мазкур қабртош “Қози Муллахожа ибн хожа … ибн Мулло … исмли кишига тегишли эканлиги маълум бўлади.”
Мазкур иккита қабртошдаги маълумотларга асосан, унинг соҳиблари “қози”лик лавозимида фаолият олиб боргани ва “қози”лар авлодидан бўлганлиги тушунилади.
Чанғароқчи қишлоғи ёнида бугун ҳам “Қози” номли қишлоқ борлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдик. Албатта, бу маскан тарихи ва унда яшаб ўтган аждодларимиз тарихи келгуси тадқиқотларда батафсил ўрганилишига умид қиламиз, чунки эски ёзувдаги энди топилажак адабиётларда уларнинг номлари қайд этиган бўлса ажаб эмас. Дарвоқе, Пайариқ тумани ҳудудида ҳам тарихий жойлар, муқаддас зиёратгоҳлар кам эмас ва бинобарин улар ҳали ўз тарихининг ўрганилишини кутиб ётибди.