Рамазон ойи рўзасини тутишни фарз қилиб, ушбу ойни баракотли қилган ва ибодат билан тақво қилишга буюрган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, ҳозирда ушбу муборак ой бутун мусулмонлар жамоасига шодлик улашиб турибди.
Барча мусулмонлар йил бўйи ушбу муборак ойни интиқлик билан кутиб, унинг баракотидан насибадор бўлишга интилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Эй иймон келтирганлар, сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз”, деб марҳамат қилади. Бундан исломдан олдинги умматларга тайин қилинганидек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига ҳам рўза тутиш фарз қилинганлиги маълум бўлади. Бундан ташқари ояти каримада “шоядки, тақво қилсангиз” деб таъкидланаяпти. Бундан тақво қилишлик энг асосий вазифалардан эканлиги келиб чиқади. Шу туфайли, ҳар бир мусулмон киши тақво билан Аллоҳ буюрган Рамазон рўзасини тутиши ва солиҳ амалларни кўпайтириши лозим экан.
Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таборака ва таоло сизларга Рамазон рўзасини фарз қилди. Мен эса сизларга унинг қиёмини суннат қилдим. Ким иймонла, савоб умидида унинг рўзасини тутса ва (кечаларини) бедор ўтказса, гуноҳларидан онасидан янги туғилгандек бўлиб чиқур” деб айтадилар. Яъни, бу ойда мусулмон киши савоб умидида рўза тутиб, ибодатларни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қилишга саъй-ҳаракат қилса, гўёки янги туғилган чақалоқдек бўлиб, унинг барча гуноҳлари кечирилиши айтилаяпти. Шу сабабли ҳар бир мусулмон уммати ушбу ойда рўза тутишлик билан бирга ибодатга, тақвога, хайр-саховатга жидду-жаҳд билан ҳаракат қилиши лозим.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари эса Рамазонда ҳузурларига Жаброил келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунича ҳар кеча у зотнинг ҳузурларига келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни ўқиб берар эдилар”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим ҳам хайр-саховатда намуна бўлганлар. Аммо Рамазон ойида ҳар доимгидан ҳам саховатлироқ бўлиб кетар эканлар. Мусулмонларга Рамазон ойида хайр-саховатли, карамли бўлиш Пайғамбаримиздан суннат бўлиб қолган иш экан.
Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас” дедилар.
Рамазон ойида мусулмон инсон ҳар қачонгидан ҳам саховатлироқ бўлиб, муҳтожларга ёрдам берса, қариндошларга силайи-раҳм қилса, беморларнинг ҳолидан хабар олса, жамиятнинг, эл-юртнинг манфаатларига хизмат қиладиган ишларни амалга оширса, рўзадорларни таомлантирса, албатта, катта савобларга эга бўлади.
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза мен учундир ва унинг мукофотини Мен ‒ Ўзим берурман” деб айтади.
Мусулмон киши ушбу муборак ойда рўза тутишлик билан бирга савоб амалларни кўплаб қилса, Аллоҳ таоло унинг мукофотини зиёда қилиб, Ўзи хоҳлаган миқдорда кўпайтириб берар экан. Шу сабабли, ушбу меҳр-шафқат ва тақво ойида яхши ишларни кўплаб амалга ошириб, ваъда қилинган мукофотларга эга бўлишга интилмоғимиз лозим.
Ушбу ойда мусулмон киши бағрикенг бўлиб, муҳтожлар ҳолидан хабар олиб, хайр-саховатни, садақа-эҳсонни кўплаб амалга оширса, албатта, ваъда қилинган мартабаларга, савобларга эга бўлади.
Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради”, деганлар.
Абу Кабша Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарсага қасам ичаман: Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, дедилар.
Кўриниб турибдики, ҳайр-эҳсон, муҳтожларга ёрдам бериш билан кишининг молу-мулки камаймас экан ва албатта, бу қилган ишлари унинг гуноҳларини сув оловни ўчирганидек ўчирар экан.
Ҳозирги кунда бутун дунё аҳолисининг бошига тушган Коронавирус пандемияси мамлакатимиз фуқароларига ҳам хавф солиб турибди.
Бундай шароитда муборак ойни уйда ўтказиб, илм-маърифатни бойитиш билан шуғулланиш ҳамда ёрдамга муҳтож инсонларга хайру эҳсон қилишни кўпайтириш фазилатли ишлардан ҳисобланади.