Ислом ЗАРИПОВ, Москва жомеъ масжиди имом-хатиби, РФ ФА Шарқшунослик институти Араб ва ислом тадқиқотлари маркази катта илмий ходими, Булғор ислом академияси ректорининг маслаҳатчиси:
“Марказингиз нашрлари бутун ислом олами, хусусан, Россия мусулмонлари учун ҳам маънавий-маърифий маёқдир!”
Марказингиз чоп эттирган китоб ва рисолалар кўргазмаси билан яқиндан танишиб чиқдим. Очиғи, амалга оширилаётган хайрли ишлар кўлами ва Ўзбекистоннинг буюк алломалари меросини қайтадан илмий муомалага киритишдаги жонбозлигингиз кишини ҳайратга солади. Бу адабиётлар нафақат минтақа, балки бутун ислом олами, хусусан, Россия мусулмонлари учун ҳам ниҳоятда юксак аҳамиятга эга. Зеро, халқларимизни кўп асрлик муштарак тарихий ва маънавий ришталар ҳамда ҳанафий-мотуридий таълимотига ягона эътиқод ва умумий садоқат боғлаб туради. Шу сабабли Россия Федерацияси мусулмонларида ҳам бу асарларга талаб жуда юқори. Тўғриси, бугунги кунда уларнинг аксарияти умумий туркий тилларни, жумладан, ўзбек тилини ҳам яхши тушунади.
Шу билан бирга, сизнинг тажрибангиз биз учун қайси фундаментал асарларни рус тилига ўгириш лозимлигини кўрсатувчи гўзал бир намунадир. Ўзим қуръоншунослик тадқиқотлари бўйича мутахассисман ва Булғор ислом академиясининг Қуръоншунослик тадқиқотлари марказига раҳбарлик қиламан. Биз ҳам мумтоз тафсирларни рус тилига таржима қилиш бўйича кўплаб йирик лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз.
Шу нуқтаи назардан, Марказингизда мумтоз манбалар, хусусан, буюк олим Абу Мансур Мотуридийнинг монументал тафсири (“Таъвилот ал-Қуръон”) ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилгани мени жуда тўлқинлантириб юборди. Ушбу нодир асар билан яқиндан танишиб, биз ҳам ўз фаолиятимизда мана шундай ибратли тажрибани ўзимизга ўрнак қилиб оламиз, иншоаллоҳ.
Фурсатдан фойдаланиб, Марказингиз ва бутун жамоангизга келгуси илмий-маърифий ишларда улкан зафарлар тилайман.
Tas-ix:
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





