Алоуддин Самарқандийнинг “Шарҳ ат-Таъвилот” асари Қуръони карим тафсири ҳамда мотуридий таълимотини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Аллома ушбу шарҳни ёзишида Абул Муъин Насафийнинг хизмати ниҳоятда катта бўлган. Чунки Алоуддин Самарқандийнинг ўзи Насафий билан Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарини бирга мутолаа қилгани, лозим деб топган жойларга шарҳ ёзиб, илова қилиб боргани ва кейинчалик уларни алоҳида китоб ҳолига келтирганини таъкидлайди. У ўз асарида Мотуридийнинг сўзларини шарҳлаш билан бир қаторда ўз фикрини ҳам баён этган. Олим ўз тафсирида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари, саҳобий ва тобеинлар сўзларини жамлаш билан бир қаторда ақидавий ва фиқҳий масалаларни ечишда ҳанафийлик анъаналарига асосланган фикрларни ҳам келтиради.
“Шарҳ ат-Таъвилот” асарини ўқиган киши муаллифнинг калом илми бўйича ҳам юксак мақомга етганини билиш мумкин. Олим ақидавий масалалар бўйича қарашларида Имом Мотуридий изидан борган. Шунингдек, у Қуръонни шарҳлаш услубида ҳам Имом Мотуридийдан таъсирланган. Юқорида айтилганидек, Мотуридий Қуръонни шарҳлашда ўзига хос йўл яратиб, асосан, оятларни шарҳлашда таҳлилий фикр юритишга асосланади.
Алоуддин Самарқандий тафсирининг кириш қисмида Имом Мотуридий асарини юқори баҳолаб, унинг баъзи тушуниш қийин бўлган жойларини енгиллаштириш мақсадида шарҳ ёзганини маълум қилган.
Алоуддин Самарқандий асар муқаддимасида уни Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуърон” асари шарҳи эканини таъкидлаб ўтади [5:2a]. Китобнинг баъзи нусхалари сўнгида асар номи “Шарҳ ат-Таъвилот” экани [8], бир қисмида эса асарга шахсан бу номни Самарқандийнинг ўзи бергани кўрсатилади [9:879]. Шунингдек, Самарқандийнинг ҳаёти ва асарлари ҳақида маълумот берган биографик асарларда ҳам бу китоб номи “Шарҳ ат-Таъвилот номи остида зикр қилинади [14].
Бир қанча олимлар ўз асарларида Самарқандийнинг бу китобидан нақл қилар экан “Шарҳ ат-Таъвилот” номи билан нақл қилган. Бунга Абул Баракот Насафийнинг (ваф.710/1310) “Мадорик ат-Танзил”, Алоуддин Бухорийнинг (ваф.730/1330) “Кашф ал-асрор шарҳ усул ал-Паздавий”, Шиҳобуддин ал-Ҳофажийнинг (ваф.1069/1659) “Тафсир ал-Байзовий”га ёзган ҳошияси, машҳур ҳанафий фақиҳи Ибн Обидиннинг (ваф.1252/1836) “Радд ал-муҳтор ала Дурр ал-мухтар” асарларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
“Шарҳ ат-Таъвилот” муқаддимасида китобнинг Алоуддин Самарқандийга оид экани аниқ ифода қилинган. Чунки ҳамд ва санодан сўнг асар шундай бошланади:
“Имом Мотуридийга мансуб “Таъвилот ал-Қуръон” китоби қадр-қимматли, фойдаси кўп бўлиб, унда аҳли сунна вал-жамоа тавҳид (ақида) илмида ҳамда Абу Ҳанифа ва унинг издошлари усулул фиқҳ, фуруъул фиқҳ илмида Қуръон каримга мувофиқ экани баён қилинган. Лекин бу китоб унинг “Китоб ат-тавҳид”, “Ал-Мақолот”, “Маохиз аш-шароиъ” ва бошқа асарлари каби ўзи тасниф этган китоблардан бўлмай, балки етук шогирдлари ундан (оғизма-оғиз) олган (ва ёзган). Шунинг учун асар матни анча енгил китобдир. Шу билан бирга, бу асар сўзлар ва маъноларнинг тушунилиши қийин ўринлардан холи эмас. Уни тушунишдан илмда манаман деган инсонлар ҳам ожиз қолади. Лекин умрини ақида, фиқҳ асослари, калом илми ва тил сир-синоатларини ўрганишга сарфлаганлар уни ҳосил қилади. Биз ушбу китобдан усул ва фуруъ илмларида замонасида тенги йўқ Абул Муин Насафийдан таълим олишга муяссар бўлдик. У киши китобни шарҳлашга киришар экан, чигал жойларни тушунтириб, мутлақо тушуниш қийин бўлган қисмларини тафсир қилиб, китобга мос фойдаларни зиёда қилди. Шунда мен ушбу фойдалар қолиб кетишини истамадим. Аллоҳга истихора қилиб, ундан тушунарли осон сўзлар билан шарҳ ёзишни сўраб Яратганга дуо қилдим” [7:16].
Мазкур муқаддимада айтилганидек, Самарқандий “Таъвилот ал-Қуръон”ни устози Абул Муин Насафий (ваф.508/1114) ҳузурида ўрганган. Унинг ушбу сўзларидан билиш мумкинки, устози Насафий “Таъвилот ал-Қуръон”га қилган шарҳини оғзаки тарзда талабаларга ўқитган. У устозини бу асарга қилган қўшимча ва изоҳларини тасниф қилиб, мубҳам бўлган қисмларини изоҳлаб ва ўзи ҳам баъзи жойларида маълумотлар қўшиб “Шарҳ ат-Таъвилот” номли китобини ёзади. Самарқандий бу асарини ҳар қанча устозидан ўқиган бўлса ҳам ўзига нисбат берилишининг сабаби китоб ибораси, услуби ва тартибида қилган асл ўзгаришлар ҳамда ўзи ҳам қўшган иборалардир.
Бу маълумот Насафийнинг Қуръонни тўлиқ шарҳламасдан, балки тушунилиши қийин бўлган ўринларига эътибор берганини кўрсатади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, Насафийнинг Қуръон тўлиқ шарҳланган алоҳида асари ҳақида маълумот мавжуд бўлмаса-да, “Табсират ал-адилла” асарида унинг кўплаб оятларга шарҳлари мавжуд. Бу Абул Муин Насафийнинг Қуръон шарҳида бу даврдаги ўрнини белгилаб беради.
“Шарҳ ат-Таъвилот” асарининг барча қўлёзма нусхаларида уни Алоуддин Самарқандийга нисбат берилган. Шунингдек, асар бир нусхада ҳам Алоуддинга ҳам Мотуридийга биргаликда нисбат берилиб [9:879], бу билан “Таъвилот ал-Қуръон” асари Мотуридийга, унинг шарҳи эса Самарқандийга тегишли экани айтилган.
Ибн ал-Адим (ваф.660/1262), немис шарқшуноси Броккелман ва Али Ризо Карабулут каби биографик асар муаллифлари ҳам “Шарҳ ат-Таъвилот” асарини Алоуддин Самарқандийга нисбат беради [15]. Баъзилар томонидан китобни Алоуддин Усмандийга нисбат бериш эса хато бўлиб, муаллифнинг исми мавзусида чалкашлик икки исмни ўхшашлиги туфайли юз берган.
“Шарҳ ал-Таъвилот”нинг асосий манбаси Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари бўлиб, у Абул Муин Насафийнинг талабаси Самарқандийга тафсиран берган таълими асосида шаклланган.
Тадқиқот давомида маълум бўлишича, Самарқандий оятларни шарҳлашда, умуман олганда, Мотуридий услубидан фойдаланган. Шу билан бирга, “Шарҳ ат-Таъвилот”нинг кўзга кўринган баъзи жиҳатлари ҳам мавжуд.
“Шарҳ ат-Таъвилот”, “Фотиҳа” сурасидан “Нас” сурасигача мусҳаф тартибига уйғун тартибланган энг буюк тафсирлардан бири ҳисобланади. Алоуддин Самарқандий ўз асарининг бошланишида Қуръони каримни рай билан тафсир қилишни ҳукми ҳамда “тафсир” ва “таъвил” ўртасидаги фарқни тушунтириб, “Фотиҳа” сурасининг тафсиридан бошлаган.
Самарқандий Мотуридий амал қилган методни худди шу тарзда давом эттирган. Оят тафсирини бошлар экан “تعالىوقوله” [Ва қовлуҳу таъала] дея бошлайди. Сўнг тафсир қилган оятига доир фарқли қарашларни келтиради.
Баъзан Мотуридий келтирган қарашларни шарҳлаб, баъзан танқид қилиб энг охирида бир қарашни танлайди ва унга амал қилади. Самарқандий “Туҳфат ал-Фуқаҳо” асарини Қудурийнинг лафзлари билан ўз лафзларини қўшиб, ўзига хос услубда ёзган. “Шарҳ ат-Таъвилот”да ҳам муаллиф худди шу услубни давом эттириб, матн ва шарҳ бир жойда бўлган бир-бирига боғланган асар ёзган. Шу туфайли “Шарҳ ат-Таъвилот” бир матн ва шарҳ шаклида икки асар эмас, балки ягона китоб ҳисобланади.
Самарқандий бир оятни тафсир қилар экан, одатда, Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш усулига амал қилади. Чунки бир оятнинг тафсирида унга оид бўлган барча оятларни зикр қилади, оят билан боғлиқ жиҳатларини айтади ва бир хулосага келади. Лекин Самарқандий бу билан кифояланмасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ривоят қилган ҳадислар, саҳобий ва тобеинлар сўзларига ҳам мурожаат қилади. Бунга амал қилар экан, одатда, ҳадисни лафзи билан эмас, маъноси билан ривоят йўлини танлагани ва бир оятни тафсир қилишда фойдаланган ривоятлар саҳиҳ даражасига қараб бир-биридан ажратмагани танқид қилинган. Бироқ Самарқандий сабаби нузул ривоятлари билан қўшганда тафсирида жуда оз ривоятга жой берган. Ривоятларни жуда оз келтиришининг сабаби эса, бу тафсирнинг, аввало, рай услубидаги тафсир эканлигидир. “Шарҳ ат-Таъвилот” асари ҳар қанча кўп қиррали тафсир бўлса ҳам Мотуридий таълимотининг каломга доир қарашлари ва далилларини зикр қилишга аҳамият беради. Самарқандий бу асарида муътазилий ва бошқа мазҳаблар қарашига оид фикрларга ҳам ўрин беради.
Самарқандий асарининг Мотуридий асаридан ажратиб турган хусусиятлари ҳам мавжуд. Масалан, Самарқандий Мотуридийнинг Ашаърий каби ақидавий мазҳабнинг зикр қилинмаган қарашларини нақл қилади. Шунингдек, Самарқандий Мотуридийнинг замонамизгача етиб келган атама сифатида ишлатмаган “аҳли суннат вал жамоат” каби баъзи каломий тушунчаларни ҳам ишлатганини кўрамиз. Чунки “аҳли сунна вал жамоа” тушунчасининг ишлатилиши Мотуридий яшаган асрдан кейин кенг тарқала бошлади [18:27].
“Шарҳ ат-Таъвилот” ўз ичига кўплаб бошқа илмларни қамраб олади. Буларга луғат илми, наҳв, сарф, эъроб, балоғат, баён, бадиъ ва шеър каби илмларни кўрсатиш мумкин. Уларнинг барчасига қўшимча сифатида амал билан оятларнинг маъноси ўзгарган қироат фарқларига ва усул билан фуруъга доир масалаларга ҳам мурожаат қилади.
Мазкур асарнинг муҳимлиги шундаки, у “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг қўлёзма нусхаларида тушуниш қийин бўлган сўзларни тўғри ўқиш учун ҳам асос бўлиб хизмат қилади. Ҳатто “Таъвилот ал-Қуръон”нинг нусхаларида хато бўлган иборалар унинг “Шарҳ ат-Таъвилот”и орқали тушунилади [19].
Мисол учун, “Зумар” сураси 50-ояти тафсирида “Таъвилот ал-Қуръон”нинг бирор нусхасида учрамаган жумлалар “Шарҳ ат-Таъвилот”нинг “Валийиддин” нусхасида учрайди ва шунда маъно тўлиқ бўлади [10:661a]. Унда бундай дейилган:
“Бу жумла икки маънони эҳтимол қилади. Биринчиси, уларнинг “бизга бу Аллоҳнинг ҳузуридаги бизнинг ҳурмат ва фазилатимиз туфайли берилди деган гаплари”. Иккинчиси, “бу нарса биздаги амал ва касблар туфайли берилди” деган гаплари. Аллоҳ таоло уларнинг бу гаплари уларга азоб тушган пайтда Аллоҳнинг азобини қайтаришга асқатмаганининг хабарини берди. Валлоҳу аълам”.
Мазкур иқтибосдаги “уларнинг “бизга бу Аллоҳнинг ҳузуридаги бизнинг ҳурмат ва фазилатимиз туфайли берилди деган гаплари”. Иккинчиси,” деган жойгача асл матнларда учрамайди. Уни “Шарҳ ат-Таъвилот” орқали тўғри тушуниш мумкин.
Шунингдек, мазкур суранинг 61-оятида ҳам худди шундай ҳолат кузатилади.
“Аллоҳ тақво қилганларга ютуқлари туфайли нажот берур. Уларга ёмонлик етмас ва улар хафа ҳам бўлмас”. Оятдаги “ютуқлари туфайли” жумласи икки маънода бўлади. Биринчиси, “ютуқлари туфайли”, яъни ўзларининг тенгқурларига нисбатан ўзиб кетишга сабаб бўлган амаллар ва сабаблар туфайли. Иккинчиси, “ютуқлари туфайли”, яъни ҳалокатларни устидан ғолиб бўлганлар”. Барча таъвилот нусхаларида иккинчи маъно айтилмаган, бу эса унинг шарҳида кўрсатилган [10:662a].
Шу ўринда “Шарҳ ат-таъвилот” асари нусхалари ўртасида фарқ бор эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, Сулаймония кутубхонаси, Ҳамидия фондидаги 176-рақамли қўлёзма нусхаси ҳақида “Таъвилот ал-Қуръон” таҳқиқига масъул бўлган Бакр Топалоғлу мазкур нусха “Каҳф” сурасидан кейин “Таъвилот ал-Қуръон” матнининг ўзи бўлиб, шарҳ ёки таълиқ мавжуд эмаслигини таъкидлайди [18:33]. Топалоғлунинг бу мулоҳазалари ўринлидир. Шунингдек, Туркиянинг Боязид кутубхонаси, Валийиддин фондида 426-рақам остида сақланаётган нусхада “Мужодала” сураси 1-ояти таъвилида қуйидаги ибора зиёда қилинган:
“Ислом дини келгач, Аллоҳ таоло зиҳорга унинг ўз ҳукмини, ийлога унинг ўз ҳукмини белгилаб берди” [21]. Зуҳрий: “Жоҳилият аҳлининг талоғи зиҳор эди”, деган” [10:201б].
Айнан ушбу зиёдалик Сулаймония кутубхонаси, Ҳамидия фондида сақланаётган 176-рақамли қўлёзма ҳамда Туркиянинг Жоруллоҳ кутубхонасида сақланаётган 51-рақамли қўлёзма нусхаларида учрамайди.
“Шарҳ ат-Таъвилот” билан “Таъвилот ал-Қуръон”ни солиштирганимизда “Шарҳ ат-Таъвилот” сўзларининг осон ва тушунарли эканини кўрамиз. Шориҳ кўпинча Мотуридийнинг мавҳум ва мужмал жумлаларига ойдинлик киритади. Жумладан, “Зумар” сурасининг 63-ояти таъвилида “Таъвилот ал-Қуръон” нусхаларида мавҳум бўлган ўринга “Шарҳ ат-Таъвилот”да ойдинлик киритилган. Унда “Ким дунёдан охират учун сафарлик олса ва уни охиратга етарли қилса, “фойда кўрувчи” деб номланади, ким дунёда сафарлик ва етарли нарса олмаса зарар кўрувчи деб номланади”, дейилган [6:662б]. Таъвилот нусхаларида эса: “фойда кўрувчи” деб номланади, ким дунёда сафарлик ва етарли нарса олмаса”, деган қисми учрамайди.
Самарқандий “Шарҳ ат-Таъвилот” муқаддимасида ҳам “Таъвилот ал-Қуръон”нинг баъзи иборалари қийин эканини, уларни тушуниш учун эса, усулу тавҳид, усулу фиқҳ ва луғат илмларини яхши билиш кераклигини таъкидлаб ўтади. Ушбу сабаблар туфайли Самарқандий бу асарни ҳар ким тушуниши учун тили осон, кераксиз жойларда сўзларни сарфламасдан қисқа ва мухтасар бир шарҳ ёзган [5:2a].
Аллома Алоуддин “Шарҳ ат-Таъвилот”да ўзи учун белгилаб олган қоида ва принципларига амал қилган. Масалан, Мотуридий баъзида масалани зикр қилмасдан ечимини бериб кетади ёки бир саволни зикр қилмасдан жавобини қисқача айтиб кетади. Самарқандий эса бундай жойларда зикр қилинмаган масалага ойдинлик киритиб, қисқача жавоб берилган матнларни тушунарли услубда изоҳлаган.
Шундай қилиб, Самарқандий асарни шарҳ қилар экан, “Таъвилот ал-Қуръон” матнига қатъий боғлиқ бўлиб қолмаган, жойи келганда нақлларда ўзгаришлар киритган ва баъзан ўзининг шарҳи билан матнни тўлдирган. Самарқандий бу усулдан асарининг барча қисмида амал қилишга ҳаракат қилган.
Аллома Самарқандий бир нақлни бошлар экан, “قال” (айтади) деб бошлаган, бу нақлни қаерда тугатганини белгиламаган ва матннинг ичида акс этган ўз шарҳларини ҳам изоҳламаган. Шунингдек, кўпгина қарашларни “قيل” (айтилади) ёки “قال بعضهم” (уларнинг баъзилари айтадилар) шаклида ифодалаган, аммо бу қарашларнинг кимларга оид эканини айтиб ўтмаган. Аслида танқид қилинган жиҳатларнинг барчаси Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари учун ҳам айтилган.
Шунингдек, у Қуръонни шарҳлашда аввал суранинг Маккада ёки Мадинада нозил бўлганини айтиши билан бир қаторда, агар оятнинг баъзи қисми Маккада бошқаси Мадинада нозил қилинган бўлса, ажратиб кўрсатиб ўтади. Масалан, “Бақара” сураси Мадинада нозил бўлган. Фақат “واتتقوا يوما…” (281-) ояти арафа куни Минода (Маккада) нозил бўлган [7:15a].
Шундан кейин эса оятларнинг сонини зикр этади. Мисол учун Бақара сураси шарҳида: “Бақара” сураси оятлари 286 та” [7:15a] дейди.
Шунингдек, у ўзидан олдинги муфассирлар сўзлари ва уларнинг билдирган турлича фикрларидан бир нечтасини келтиради.
Шуни айтиш жоизки, Алоуддин Самарқандий Имом Мотуридийнинг тафсири матнини тўлиқ келтириб, сўнг шарҳ бермай, балки унинг тафсиридан кенг фойдаланиб, оятларга берган кўплаб шарҳларидан келтиради.
Тафсирга диққат билан назар солинса, Алоуддин Самарқандий Имом Мотуридий тафсирини шарҳлашда асосан, уч хил йўналишга асосланади:
Биринчиси, Имом Мотуридий фикрларини янада қувватлантиришга ҳаракат қилиши. Бунда Алоуддин Самарқандий Мотуридийнинг чуқур таҳлилларини янада кўпроқ изоҳлайди.
Иккинчиси, Имом Мотуридий тафсирида умумий маъно берилган ҳамда қисқача сўз юритиш билан чекланган ўринларга ҳам аҳамият қаратиб, уларни ўз таҳлиллари билан бойитади.
Масалан, “فلا تجعلوا لله أندادا” “Аллоҳга бировни тенг қилманглар” (Бақара сураси, 22-оят) ояти шарҳида Мотуридий أندادا (бирлиги ند) сўзини шарҳлаб, “яъни унга тенг қилиш, ибодатда шаклларни илоҳ қилиб олиш, буларнинг маъноси бир хилдир” [20:401], дейди.
Алоуддин Самарқандий бу маънони бергач, яна шундай шарҳ беради:
“ند сўзи баъзан, унга бирор шаклни баробар қилиш маъносида келса, баъзан, нарсанинг зидди маъносида ҳам келади. Бу икки хил маънони бериши мумкин. Биринчиси, Аллоҳдан бошқани илоҳ деб номламаслик ва шакл қилиб олмаслик. Иккинчиси, ибодат қилишда ҳақли деб, бошқа нарсани унинг шакли демаслик [7:40a].
Учинчиси, баъзан оят шарҳи бўйича Алоуддин Самарқандий, Имом Мотуридий фикрларига тўлиқ қўшилмаслиги ва уни аниқлаштиришидир.
Масалан, “والذين يؤمنون بما أنزل إليك” “Сизга нозил қилинган нарсаларга имон келтирадиган зотлар” [11] оятида Имом Мотуридийнинг “Икки хил маънони бериши мумкин: биринчиси, Қуръондан нозил қилганлари, иккинчиси, Қуръони каримда келмаган шариат қоидалари ва ҳукмлар” [20:374] деб айтган шарҳини келтиради. Сўнг бу фикрларни яна ҳам аниқлаштириб, шундай дейди: “Оятнинг маъноси, Аллоҳнинг бу оятдаги муроди Қуръон ва суннада нозил қилган барча ваҳийсидир, чунки буларнинг ҳаммаси Аллоҳ томонидан нозил қилинган ваҳийдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳий икки хил бўлган:
Биринчиси, тиловат қилинган.
Иккинчиси, тиловат қилинмаган (яъни маъноси нозил қилинган). Буларнинг ҳаммаси Жаброил (а.с.), фаришталар олиб келган ёки қалбига илҳомлантирилган ваҳийлардир.
Аллоҳ таоло Қуръон каримда: “(Муҳаммад) ҳавойи нафсидан гапирмайди, у ваҳийдир” (Нажм сураси, 3-оят), деган [7:21a].
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Алоуддин Самарқандий тафсири бошқа муфассирлар тафсиридан қуйидаги жиҳатлари билан фарқ қилади:
– Қуръонни оятлар ва оят бўйича келган ривоятларни таҳлилий шарҳлашга ҳаракат қилади.
– Ҳадислар, саҳобий ва тобеинлар ривоятидан жуда кам ҳолларда келтиради.
– Алоуддин Самарқандий тафсирида қироат, луғавий манбаларни зикр этмайди.
Шундай қилиб, Алоуддин Самарқандий ўз давридаги Қуръон шарҳи ва калом илми бўйича вужудга келган муаммоларни Имом Мотуридий услуби асосида ҳал қилишга ҳаракат қилган. Шунингдек, унинг тафсирини янги шарҳлар билан бойитган ва шу йўл билан ҳанафий мазҳабини ҳимоя қилган.
Маълумки, Мотуридий ва унинг мактаби намояндалари ақидавий масалаларни ечишда ўз даврининг янгича услубини киритган ва Мовароуннаҳрдаги калом илми ривожига муҳим ҳисса қўшган [13]. Унинг даврига қадар ақида ва калом масалаларига анъанавий руҳда ёндашилган, эътиқод масалаларига кенг шарҳ берилмаган. Имом Абу Ҳанифа (р.а.)нинг “Ал-Фиқҳ ал-акбар” асари ушбу соҳа бўйича олимлар асосланадиган асар бўлиб келган. Чунки унда ақидавий масалалар суннийлик асосида талқин қилинган. Бу эса, ўз навбатида, Мовароуннаҳр олимларининг IX асргача ақидавий масалаларга чуқур киришмаганини кўрсатади.
Имом Мотуридий ва Алоуддин Самарқандий тафсирларида ўз давридаги мавжуд оқимларга илмий раддия берилган, ақидавий масалаларга доир оятларга эса суннийлик йўналишига мос тарзда ечим келтирилган. Шу жиҳатдан олиб қараганда ҳам, Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари ва Алоуддин Самарқандий асарлари тафсиршуносликнинг ҳанафийлик йўналиши бўйича нодир манбалардан ҳисобланади.
Маълумки, бир китобнинг аҳамияти бошқа китобларга манба бўлиб хизмат қилиши ёки манба бўлмаслиги билан фарқ қилади. “Шарҳ ат-Таъвилот” асаридан ҳам кўплаб муаллифлар ўз китобида манба сифатида фойдаланган. Жумладан, Абул Баракот Насафийнинг (ваф.710/1310) “Мадорик ат-Танзил”и [2], Алоуддин Бухорийнинг (ваф.730/1330), “Кашф ал-Асрор шарҳ усул ал-Паздавий”си, Ҳусомуддин Сиғноқийнинг (ваф.710/1310) “Ал-Кофи шарҳ Усул ал-Паздавий”си, Бадриддин Айнийнинг (ваф.855/1451) “Ал-Биноя Шарҳ ал-Ҳидоя”си, Шиҳобиддин ал-Ҳафожининг (ваф.1 069/1658) “Тафсир ал-Байзовий”га қилган ҳошияси [22:360], машҳур ҳанафий фақиҳи Ибн Обидиннинг (ваф.1252/1836) “Радд ал-мухтор ала Дурр ал-мухтар”и ва бошқа кўплаб асарларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Шарҳ ат-Таъвилот” асарида асосий матн ҳисобланмиш “Таъвилот ал-Қуръон” матни ва унинг шарҳи ажратилмаган бўлиб, асарни мутолаа қилганда, унинг матнми ёки шарҳ экани маълум бўлмайди. Шунинг учун баъзи олимлар ўз асарларида нақлларни “Шарҳ ат-Таъвилот” асарига нисбат беради. Лекин аслида бу маълумот “Таъвилот ал-Қуръон” асарида келтирилган. Жумладан, Абул Баракот Насафий ўзининг “Ал-Иътимод фил иътиқод” асарининг “Яхшиликлар ёмонликларни ўчиради” деган фаслида [1:427] далил ўлароқ: “Аллоҳ таоло бу оятни улар ҳар қачон ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида сергак, эҳтиёт ва ҳар вақт у зотни эъзозлайдиган бўлишлари учун зикр қилди. Натижада, улардан ҳеч бир вақтда унутиш ва ғафлат узра у зот алайҳиссаломни енгил – паст санаш ҳолати юзага чиқиб, амалларини ҳабата қилиб юбормаслиги учундир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бундай иш қилиш ўз эгасини кофир қилади, у узрли бўлмайди, гарчи қилган иши унутиш ва ғафлатга кўра бўлса ҳам. Сабаби, бу инсонда (бу ишни қилишдан) сақланиш ва эҳтиёт бўлиш қудрати бор. Гарчи улар ўзаро атайин ва қасддан қилмаган ишларида узрли бўлсалар ҳам” деган жумла келтиради. Лекин аслида бу маълумот “Таъвилот ал-Қуръон” асарида келтирилган бўлиб, унинг “Шарҳ ат-Таъвилот”ида ўзгартирилмаган ҳолда зикр қилинган [16:324].
Баъзи манбаларда эса “Абу Мансур Мотуридийнинг “Шарҳ ат-Таъвилот” асарида…” [13:283] деган жумлалар учрайди. Аллома Баёзий “Калом сифати баёни”да “ёки ҳижоб ортидан (сўзлайди)” ояти тафсирига “Шарҳ ат-Таъвилот Мотуридия” асаридан далил келтириб шундай дейди: “Мисол учун, Мусо алайҳиссаломга сўзлагани каби. Аллоҳ таоло унинг қулоғига Ўзи хоҳлаганидек яратилган овозни ташлайди” [12:152].
Абул Баракот Насафийнинг “Мадорик ат-Танзил” асарида ҳам худди шу ҳолатни кузатиш мумкин. Аслида Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асаридаги сўзлар [16:275] унинг шарҳига нисбат берилган [3:327].
Алоуддин Самарқандий “Бақара” сураси 43-ояти: “Намозни тўкис адо қилинг, закот беринг ва руку қилувчилар билан руку қилинг” тафсирида жамоат билан намоз ўқиш вожиб эканини таъкидлаган [7:73]. Имом Мотуридий ҳам “Таъвилот”ида ушбу оятда жамоат намозида иштирок этишга амр қилинаётганини айтади [17:4].
Алоуддин Самарқандий худди шу фикрга ўхшаш маълумотни “Туҳфат ал-фуқаҳо”да ҳам келтирган. Жумладан, у бомдод намозининг икки ракат суннатини ўқиган инсон агар фарзга улгурмаса суннатни ўқимаслигини, чунки намозни жамоат билан ўқиш суннати муаккада ёки вожиб маъносида эканини келтирган [4:198].
Хулоса қилиб айтганда, “Шарҳ ат-Таъвилот” асарида асосий матн ҳисобланган “Таъвилот ал-Қуръон” матни ва унинг шарҳи ажратилмаган. Матн ва шарҳ алоҳида белгилар билан кўрсатилмаган. Ҳатто баъзи асарларда “Шарҳ ат-Таъвилот” асаридан келтирилган нақллар аслида “Таъвилот ал-Қуръон” асарига тегишлидир. “Шарҳ ат-Таъвилот” асарида оятлар тафсири “Таъвилот ал-Қуръон” асарига нисбатан осон ва тушунарлидир. Шориҳ барча оятларга изоҳ ёзмасдан, балки Мотуридийнинг мавҳум ва мужмал жумлаларигагина ойдинлик киритган.
-
Абул Баракот Насафий. Ал-Иътимод фил-иътиқод. – Қоҳира: ал-Мактаба ал-азҳария лит турос, 2012.
-
Абул Баракот Насафий. Мадорик ат-Танзил. – Байрут: Дор ал-калим ат-тоййиб, 1998. – Ж.1. – Б. 166, 213, 233, 258, 318, 426; – Ж.3. – Б. 327, 541, 657.
-
Абул Баракот Насафий. Мадорик ат-Танзил. – Байрут: Дор ал-калим ат-тоййиб, 1998. – Ж. 3.
-
Алоуддин Самарқандий. Туҳфатул фуқаҳо. – Байрут: Дор ал-кутб ал-илмия, 1994. – Ж. 1.
-
Алоуддин Самарқандий. Шарҳ ат-Таъвилот. –Истанбул: Асъад Афанди фонди.№ 48.
-
Алоуддин Самарқандий. Шарҳ ат-Таъвилот. Қўлёзма. – Истанбул: Сулаймония кутубхонаси, Ҳамидия фонди, № 176.
-
Алоуддин Самарқандий. Шарҳ ат-таъвилот. Қўлёзма. – Тошкент. ЎзРФА ШИ Қўлёзмалар асосий фонди. № 3249.
-
Алоуддин Самарқандий. Шарҳ ат-Таъвилот. Қўлёзма. –Истанбул: Сулаймония кутубхонаси, Ҳамидия фонди.№ 176. – Б. 879б. Алоуддин Самарқандий. Шарҳ ат-Таъвилот. Қўлёзма. – Макка: Ҳарами Маккий кутубхонаси. Р: 530. – Б. 520. Алоуддин Самарқандий. Шарҳ ат-Таъвилот. Қўлёзма. – Истанбул: Жоруллоҳ қўлёзмаси. № 530. – Б. 336б; Алоуддин Самарқандий. Шарҳ ат-Таъвилот. –Истанбул: Асъад Афанди фонди .№ 48. – Б. 387а.
-
Алоуддин Самарқандий. Шарҳ ат-Таъвилот. Қўлёзма. – Истанбул: Сулаймония кутубхонаси, Ҳамидия фонди. № 176.
-
Алоуддин Самарқандий. Шарҳ ат-Таъвилот. Қўлёзма. – Истанбул: Боязид: Валиюддин. № 426.
-
“Бақара”сураси, 4-оят
-
Баёзий. Ишоротул маром. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 2007.
-
Голдциер И. Лекции об исламе. – Лейпциг. 1912. – С.72-152; Рудольф У. Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти. – Т., 2001; Рудольф У. Ал-Матуриди и суннитская теология в Самарканде. – Алматы, 1999; Ҳусниддинов З. Ислом: йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар. – Т.: Мовароуннаҳр, 2000.
-
Ибнул Адим. Буғя ат-талаб. – Байрут: Дор ал-фикр. Нашр санаси кўрсатилмаган. – Ж. 10. – Б.4347; Карл Броккелман. Тарих ал-адаб ал-арабий. – Лейден, 1937. – Ж. 6. – Б.297; Али Ризо Карабулут. Муъжам ат-тарих ат-турасий. – Кайсари: Дор ал-ақаба. Нашр санаси кўрсатилмаган. – Ж. 4. – Б. 2555.
-
Ибнул Адим. Буғя ат-талаб. – Байрут: Дор ал-фикр. Нашр санаси кўрсатилмаган. – Ж. 10. – Б. 4347; Карл Броккелман. Тарих ал-адаб ал-арабий. – Лейден, 1937. – Ж. 6. – Б.296; Али Ризо Карабулут. Муъжам ат-тарих ат-турасий. – Кайсари: Дор ал-ақаба. Нашр санаси кўрсатилмаган. – Ж. 4. – Б. 2555; Фуад Сезгин. Тарих ат-турас ал-араби. – Саудия Арабистони: Имом Муҳаммад университети, 1991. – Ж. 4. – Б.41.
-
Имом Мотуридий // Маждий Босаллум. Таъвилот ал-Қуръон. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2005. – Ж.9.
-
Имом Мотуридий // Маждий Босаллум. Таъвилот ал-Қуръон. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2005. – Ж. 1.
-
Имом Мотуридий. Таъвилот ал-Қуръон // Турк тадқиқотчилари таҳқиқи. – Истанбул: Дор ал-Мийзон, 2007. – Ж.1.
-
Имом Мотуридий // Таҳқиқ: Абдуллоҳ Бошоқ. Таъвилот ал-Қуръон. – Истанбул: Дор ал-мизон, 2007. – Ж. 16. – Б. 8; 9; 10; 11; 12; 15; 16; 18; 22; 27; 28; 29; 34; 35; 39; 42; 43.
-
Мотуридий. Таъвилот аҳли ас-сунна. Маждий Босаллум таҳрири остида. – Байрут, 2005. – Ж. 1.
-
Табарий ривояти.
-
Шиҳобиддин Ҳафожий. Ҳошия алал Байзовий. – Байрут: Дор Содир. – Ж.1.