Home / МАҚОЛАЛАР / ИБН НАДИМНИНГ “ФИҲРИСТ” АСАРИДА ИЛК КУТУБХОНАЛАРГА ОИД МАЪЛУМОТЛАР

ИБН НАДИМНИНГ “ФИҲРИСТ” АСАРИДА ИЛК КУТУБХОНАЛАРГА ОИД МАЪЛУМОТЛАР

Ўрта асрларда яшаб ижод этган ва илмлар таснифига оид асар яратган мутафаккирлардан яна бири библиограф Ибн Надим (X аср)дир [3:238-239]. Унинг шахси ва фаолияти ҳақида жуда кам маълумот сақланиб қолган. Ибн Надим ҳақидаги дастлабки маълумотларни муаллифнинг шу кунга қадар сақланиб қолган ягона асари – “Фиҳрист” [1:4] китобидан олиш мумкин. Ибн Надимнинг отаси Ибн Ёқуб Бағдодда китоб билан савдо қилган. У ҳам отаси каби китоб билан шуғулланиб, хат ва кутубхоналар ҳақида маълумот тўплайди ва улар асосида “Фиҳрист” номли асарини ёзади [3:238].

“Байтул ҳикма” ўрта аср мусулмон Шарқидаги биринчи ва энг машҳур ҳамда муҳим илмий мактаб бўлгани сабабли, унга ўша ва кейинги давр муаллифларининг деярли барчаси мурожаат қилган. “Байтул ҳикма” ҳақида бир қатор араб тилидаги асосий манбаларда маълумотлар учрайди. Улар қаторида, энг аввало, Ибн Надимнинг (ваф. 993 й.) “Ал-Фиҳрист” асарини зикр этиш керак [1:4]. Бу асар муаллифнинг “Байтул ҳикма” жойлашган шаҳар – Бағдодда ижод этгани, шу билан бирга, вақт жиҳатдан ҳам унга яқин даврда яратилгани билан ҳам жуда муҳимдир. Шунингдек, у шариатга оид асарлар ҳақида сўз юритар экан, ал-Маъмуннинг “Хизанат ал-ҳикма”-сидагига ўхшаш қадимий нусхадаги бир китобни ўқиганини ҳам эслайди. Юқоридагиларга асосланиб, Ибн Надим “Байтул ҳикма”даги нодир китоблардан, яъни кутубхонадан шахсан фойдаланган, дейиш мумкин [1:8].

Манбаларда келтирилишича, мазкур кутубхонада 3 миллионга яқин Шарқ қўлёзмаси сақланган. Улардан 50 мингтаси Қуръони карим ва 80 мингтаси унга ёзилган тафсирлардан иборат бўлган. Кутубхонада 180 га яқин ходим фаолият олиб борган. Лекин мазкур кутубхона салиб юришлари давомида вайрон қилинган [5:24].

Араб халифалигида кутубхоналарни бир ерда, аниқроғи, шифохона, мадраса ёки масжидларда жамлаш ҳолати ҳам бўлган. Бу каби кутубхоналар қаторида Мустансирия кутубхонаси Бағдоддаги ал-Нури масжидида фаолият юритган [5:24].

Ўн бобдан иборат китобда дунёвий илмлар билан бирга диний илмлар ҳам жой олган. Ибн Надим ўзининг “Фиҳрист” рисоласида Шарқда X аср охирларига қадар ривожланган турли фан соҳалари ва ижодкорлари ҳақидаги маълумотларни мумкин қадар кенг қамраб олишга ҳаракат қилган. В.Бартольд таъбири билан айтганда, қайд қилинган асар “ислом динининг биринчи тўрт асрлик давридаги адабиёт ва турли фанлар тарихини ўрганишда асосий манба бўлиб қолади” [3:239]. Бу ўша даврда ушбу фанларга қизиқиш ва эҳтиёж қанчалик катта бўлганига далил бўла олади.

“Фиҳрист”даги маълумотлар асар ёзилган даврдан бироз ўтибоқ Шарқ тарихчилари эътиборини ўзига жалб қилган. Улар ёзган асарларни ўрганиш натижасида шунга ишонч ҳосил қилиш мумкинки, Шарқ тарихчиларининг аксарияти Ибн Надим ва унинг “Фиҳрист” асари билан таниш бўлган. Бу олимлар халқаси унча катта эмас. Шу сабабдан уларни санаб ўтиш ҳам мумкин: Ёқут Ҳамавий, Ибн Ҳалликон, Заҳабий, Ибн Қутлубуға, Ҳожи Халифа ва бошқалар. “Фиҳрист”ни ўрганиш даврининг илк босқичларида И.Хоттингер ва А.Сильвестр де Сази жонбозлик кўрсатган. Кейинчалик у матн устида Б.Дожа ва Р.Тажуддин каби олимлар тадқиқот олиб борган. Энг катта ютуқ Флюгель ва Р.Тажуддиннинг “Фиҳрист”ни нашрга тайёрлаганидир. Бу нашрдан кейин тадқиқотчилар мазкур асардан кенг фойдаланиш имконига эга бўлди. Улардан бири В.Полосин бўлиб, унинг “Фиҳрист” ҳақида бир қатор мақолалари ва махсус тадқиқоти мавжуд [4].

Ибн Надимнинг “Фиҳрист” асарида [4] VIII-IX асрларда барча илмлар, қамраб олган соҳасига қараб, иккига – “улум ал-қадимиййа” – “анъанавий илмлар” ва ажам халқларидан ўзлаштирилган риёзиёт, мантиқ, ҳисоб, ҳандаса ва бошқа илмлардан иборат бўлган “улум ал-ажам” – “арабларники бўлмаган илмлар”га бўлинган [2:63]. Бунда биринчи қисмга ислом дини ҳамда араб маданиятига хос бўлган (араб тили, шеърият ва аруз, арабларнинг исломдан аввалги ва ислом даври тарихи) илмлар киритилган. Иккинчи қисм эса аниқ ва табиий фанларни ўз ичига олган.

“Фиҳрист” (“Рўйхат”)да араб ва араб бўлмаган барча халқларнинг араб тили ва ёзувида фаннинг турли соҳалари бўйича ёзилган китоблари ҳақида тўлиқ маълумот берилган. Унда муаллифлар, уларнинг нисба ва унвонлари, туғилган йили, фаолияти, вафот этган вақти, яшаган жойи ва ҳар бир фаннинг шаклланишдан бошлаб, то муаллифнинг ўзи яшаган давргача бўлган тарих, яъни 377/987 йил ҳақидаги маълумотлар акс этган” [3:238].

Ибн Надимнинг “Фиҳрист” асарида IX аср астрономи Абу Маъшар Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Умар Балхийнинг (ваф. 886 й.) бугунги кунга қадар етиб келмаган номаълум китобидан парча келтирилади. Унда Эрондаги илк ўрта аср кутубхонаси тўғрисидаги қимматли маълумотлар мавжуд. Парчада айтилишича, Х аср ўрталарида Исфаҳон яқинидаги Жей шаҳарчасида, чамаси арабларнинг Эронга қилган ҳужуми арафасида ёки бу ҳужум вақтида (яъни 651 йил) ўраб, суваб ташланган кутубхона топилган. Кутубхонада оқ терак пўстлоғига ёзилган кўпгина қадимги китоблар бўлиб, улар ўтган аждодлар давридаги илмларнинг барча тармоқларини қамраб олган ва қадимги форс ёзувида (афтидан, ўрта форс ёзуви) билан ёзилган [1:577].

“Фиҳрист” муаллифи ўзининг нуфузли замондоши фикрларига таяниб, унинг бир ҳикоясини келтиради. Унга кўра, 961 йилда ўша шаҳарчадаги бошқа бир бинонинг ертўласидан бошқа китоблар коллекцияси топилади. Бу китоблар ҳам суваб юборилган бўлиб, ошланган ва махсус тайёрланган тери варақларига ёзилган эди. Лекин уларни қандай ўқишни ҳеч ким билмасди [1:577]. Ибн Надим “Фиҳрист” асарида хабар беришича, 951 йилда Эрон ҳукмдорлари Муайид ва Рукн ад-Давланинг вазири бўлиб хизмат қилган Абу Фадл ибн Амид (ваф. 971 й.) Исфаҳондан юнон тилида ёзилган китобларни топган. Улар махсус қутиларга солиниб, бино девори орасига жойлаштирилган эди ва бу китобларни Амид Бағдодга юборган. Бу ерда юнон тилини яхши билган Юҳанно Кейс ва бошқалар мазкур китобларни араб тилига таржима қилган. Кейинчалик бу кутубхонадаги айрим китобларни Ибн Надим ўз устози, шайх ва олим Абу Сулаймон Муҳаммад ибн Баҳром (ваф. 986 й.)никида кўрган. Китобат маданияти тарихчиси О.Язбердиев деворлар орасига қўйиб, суваб юборилган кутубхоналарда ўрта эрон тилида ёзилган китоблар билан бир қаторда, юнон тилидаги китоблар ҳам борлигига алоҳида эътибор бериб, уларнинг сосонийлар даврида кўчирилгани катта аҳамиятга эга бўлгани ҳақида айтиб ўтган. Шунингдек, у “бу китоблар зардуштийлар манбаларида дастлабки сосоний шоҳлар чет мамлакатлардан китоблар тўплагани ҳақидаги ахборотнинг тўғрилигини тасдиқловчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу хилдаги маълумотлар сосонийлар даврида кўп миқдорда китоблар мавжуд бўлганига шубҳа қолдирмайди”, деб таъкидлайди (Сосонийлар давридаги деворлар орасига қўйиб суваб юборилган кутубхоналар ҳақидаги маълумотларни биз О.Язбердиевнинг қуйидаги китобларидан олинган маълумотлар асосида туздик: Истоки письменной традиции и книжного дела в Средней Азии (историографический обзор). Библиотечно-библиографическое и книжное дело в Туркменистане: Сб. статей. – Ашхабад, 1988. – С.66; Хосров I Великий и книжное дело в Иране и Средней Азии в VI в. // Известия АН ТССР. Серия общественных наук. – 1989. №5. – С.28. Келтирилган фактларга қуйидаги манбадан батафсилроқ қаранг: The Fixrist of an-Nadim. Vol. II. – S.575-579, 958, 1041-1042, 1128.).

 ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР: 
  1. The Fihrist of al-Nadim, a tenth century survey of Muslim culture. Ed. B. Dodge. Vols. 1-2. – New-York-London, 1970.
  2. Баходиров Р.М. Абу Абдаллоҳ ал-Хорезми ва илмлар таснифи тарихидан. – Т., 1995.
  3. Крачковский И.Ю. Избранные сочинения. Т.IV. – М., Л., 1957.
  4. Полосин В.В. “Фихрист” Ибн ан-Надима как историко-культурный памятник Х века. – Москва: Наука, 1989.
  5. Рубанова Т.Д. История библиотечного дела: Древний мир – Средние века – эпоха просвещения: Учеб. пособие/ ЧГАКИ. – Челябинск, 2003
ШОВОСИЛ ЗИЁДОВ,
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор

Check Also

НОГИРОНЛИГИ БОР (ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН) РОВИЙЛАР

Инсониятнинг пайдо бўлишидан буён ҳаётнинг бир ҳақиқати сифатида мавжуд бўлган ногиронлик ҳолати айрим эътиқод ва …