Home / МАҚОЛАЛАР / ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА ИСЛОҲОТЛАРНИНГ БОШЛАНИШИ ВА ДАСТЛАБКИ НАТИЖАЛАР

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА ИСЛОҲОТЛАРНИНГ БОШЛАНИШИ ВА ДАСТЛАБКИ НАТИЖАЛАР

Янги Ўзбекистонда олий таълим тизимидаги ислоҳотлар заруратини  битирувчиларнинг олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш, қабул жараёнини такомиллаштириш ва бошқа шу каби масалаларнинг ечими тақозо этади. Сўнгги йилларда юртимиздаги мактаб ва коллеж битирувчилари билан олий ўқув юртларидаги қабул квоталарининг кескин фарқ қилиши, таълим олиш истагидаги ёшларнинг эҳтиёжини қондира олмаслиги  кўплаб абитуриентларнинг яқин ва узоқ мамлакатларга чиқиб кетишига олиб келди. Олий ўқув юртларига киришни квоталар билан чекланганлиги меҳнат бозорини юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёж билан таклиф ўртасидаги узилишни вужудга келтирди.

2006-2016 йилларни қамраб олган 10 йиллик давр мобайнида Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул квотаси деярли ўзгаришсиз қолди. Масалан, 2005-2006 ўқув йилида квота бўйича 57485 нафар талаба ўқишга қабул қилинган бўлса, 2016-2017 ўқув йилида эса 57907 нафар талаба ўқишга қабул қилинган[3:318]. Айрим ҳолларда баъзи таълим йўналишларида бир ўринга йигирма нафардан ҳам кўп талабгор тўғри келар, талабаликка номзодларнинг кўплиги туфайли етарлича билимли ёшлар ҳам олий маълумот олиш имкониятидан маҳрум бўлар эди. Умуман олганда, 2017 йилгача Ўзбекистонда ёшларни олий таълим босқичига қамраб олиш кўрсаткичи 9-10 фоиздан ошмаётган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кўрилган чора-тадбирлар туфайли 2017-2021 йилларда бу рақам олдинги 9 фоиздан 28 фоизга етди[5]. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепсиясида[14] эса олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш белгиланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига қабул жараёнини такомиллаштириш, қабул квоталарини ошириш, кириш имтиҳонларида айрим тоифа абитуриентларга имтиёзлар бериш борасида 30 га яқин муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Узоқ йиллар давомида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидаги айрим коррупцион ҳолатлар, турли адолатсизликлар фуқароларнинг бу борадаги жиддий эътирозига сабаб бўлди. Бу эса кириш имтиҳонларини ташкил этиш жараёнини тубдан ўзгартиришни тақозо этди. Шунингдек, ушбу йилларда тест синовларини ўтказиш тартиб-қоидалари, тест синовлари натижаларини эълон қилиш ва уни такомиллаштириш борасидаги олиб борилаётган ишлар давр талабларига тўлиқ жавоб бера олмади. Бу ҳол манфаатдор жамоатчиликда, айниқса, ота-оналарда  норозилигини келтириб чиқарди. Ўша даврда ҳар йили уларнинг ушбу масала юзасидан қарийб 4 мингдан зиёд асосли мурожаатлари масъул идораларга келиб тушар эди. Шу сабабдан ҳам 2017 йилнинг 16 ноябрида Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3389-сон қарори[1:3] қабул қилиниб, унда тест синовлари июл-август ойларида катта сиғимдаги  биноларда адолатли, холис ва шаффоф ўтказилиши белгиланди.

2018-2019 ўқув йилида илк маротаба олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари катта сиғимли биноларда ташкил қилинди. Имтиҳонларни ошкора ва шаффоф тарзда ўтказиш мақсадида абитуриентлар бинога киришда шахсни идентификациялаш қурилмалари ёрдамида текширилди, тест синовлари кузатув камералари ёрдамида назорат қилинди. Жараёнлар абитуриентларнинг ота-оналари учун бевосита катта мониторларда, интернет тармоғи ва телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди. Коронавирус пандемияси сабабли 2020-2022 йилларда, яъни кетма-кет 3 йил тест синовлари очиқ жойларда, жумладан стадион ва хиёбонларда ўтказилди ва тест синовларини ташкил этиш жараёнида шаффофлик тўла таъминланди. 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб тест синовлари яна ёпиқ иншоотларда ўтказилиши белгиланди[4].

Шу билан бирга, олий таълим муассасаларига абитуриентлар томонидан ҳужжат топширишдаги қийинчиликлар ва бу борадаги айрим бюрократик тўсиқлар, бир нечта таълим йўналишларини танлаш имкониятининг йўқлиги каби муаммолар ҳам мавжуд бўлганлигини инкор этиш керак эмас.  Шунингдек, тест синови материалларининг шакли ва маъно-мазмунини қайта кўриб чиқиш зарурати ҳам юзага келган эди.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттирган ҳолда, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда ўтказиладиган кириш тест синовларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, ёшларнинг таълим олишга бўлган иштиёқини рағбатлантириш мақсадида абитуриентларнинг бир нечта бакалавриат таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок этишлари учун кенг имкониятлар яратиш лозим эди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 май куни “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4319-сон қарори[12] қабул қилиниб, унга асосан 2019-2020 ўқув йили қабули доирасида абитуриентларга олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди; давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига ўқишга кириш учун абитуриентларга Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш имконияти яратилди. Тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки бўлимга ажратилиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фанни киритиш белгиланди. Шунингдек, қарорда эндиликда тест синови топшириқлари давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида тузилиши, тест синови материалларининг маъно-мазмуни умумий ўрта таълим тизимидаги фанларнинг ўқув дастурларига мослаштирилиши, абитуриентларнинг назарий билимларни ўзлаштириш даражаси билан бирга мантиқий фикрлаши, масала ва мисолларни бажара олиш қобилияти ва таълимнинг кейинги босқичига тайёргарлигини баҳолайдиган, компетенцияга асосланган тест топшириқлари ишлаб чиқилиши алоҳида таъкидланди.

2017-2018 ўқув йилида қабул имтиҳонларида абитуриентларни тўлов-контракт бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилиш тартиби жорий қилинди[9]. Яъни, эндиликда етарли балл тўплай олмай, талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар оширилган контракт-тўлов суммасини тўлаб ўқиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, 2017 йилга қадар узоқ йиллар давомида қабул квоталари фақатгина таълимнинг кундузги шаклига ажратилиб келинган эди. Бу эса ташкилот ва муассасаларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган, олий таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиш истагида бўлганларнинг олий маълумот олиш имконини чеклар эди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 393-сонли қарори[10] билан олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланди.

2017 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган табрик сўзида келгуси йилдан 16 та университет ва институтда 12 та йўналиш бўйича кечки ва сиртқи бўлимлар очилиши маълум қилинди[15]. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги 930-сон қарори[11] билан Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Кейинги йилларда таьлимнинг кечки ва сиртқи шаклларига талаб ошиб борганлиги бу қарорнинг тўғри ва ўз вақтида қабул қилинганлигини кўрсатади.

2017 йилгача бўлган даврда Олий таълим муассасаларига қабул жараёнида  Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган қизларга[8], Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқароларга[13], халқаро ва республика олимпиадалари, танлов ва мусобақалар ғолибларига (ўз йўналиши бўйича), шунингдек, санъат соҳасида “Ниҳол” мукофоти совриндорларига (ўз йўналиши бўйича)[6] кириш имтиҳонларида имтиёзлар берилиб келаётган эди. 2017 йилдан кейинги даврда бу турдаги имтиёзларнинг кўлами кескин ошди ва аниқ тартиблари ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат қабул комиссиясининг 2022 йил 29 декабрдаги 10-сон мажлис баёни билан “Давлат ОТМларига кириш учун берилган имтиёзларнинг ягона РЕЕСТРИ”  ишлаб чиқилди ва унда 41 та имтиёз тури ўрин олди. Улар қуйидагича тоифаларга ажратилган:

1.Имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка тавсия этиш бўйича имтиёзлар (15 та);

  1. Имтиҳонсиз базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этиш бўйича имтиёзлар (4 та);
  2. Тегишли фан бўйича имтиҳондан озод этилиб, маълум миқдорда балл бериш бўйича имтиёзлар (5 та);
  3. Тўпланган баллга нисбатан қўшимча балл бериш бўйича имтиёзлар (2 та);
  4. Қўшимча квота доирасида танловда иштирок этиш бўйича имтиёзлар (12 та);
  5. Қўшимча имтиёзлар (3 та).

2020 йил 23 сентябрдаги янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисида ЎРҚ-637-сонли қонунининг[2:3-5] қабул қилиниши олий таълимнинг умумий тартибларини, хусусан, олий таълимда таълим олиш шаклларини белгилаб берди.

Кейинги йилларда олий таълим тизимига нодавлат ва хусусий секторнинг, шунингдек, кўплаб хорижий олий ўқув юртлари ва филиалларининг кириб келиши ижобий ҳолат бўлди. Бу бир жиҳатдан олий таълимнинг қамровини кенгайтирди, шунингдек, давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида ижобий маънодаги ўзаро рақобатни таъминлади, тизимда бозор қонунлари ишлай бошлади. Унинг натижаси олий таълим тизими учун жуда муҳим ҳисобланади, чунки ҳар бир олий ўқув муассасаси сифатли кадрлар тайёрлаш учун кураша бошлади.

Буларнинг барчаси  олий таълим тизимидаги ислоҳотлар чуқур ўйланган ҳолда олиб борилаётганидан ва яхши натижаларга олиб келаётганидан  далолат беради. Шу билан бирга, бу тизимда ютуқлар билан бир қаторда ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлигини қайд этиш лозим. Жумладан, ёшларни таълим муассасаларига қабул қилиш, таълим олиш, талабаларни барча йўналишларда қўллаб-қувватлаш, уларнинг қўшимча даромад топиши, ётоқхона билан таъминланиши, ижара тўловларини қоплаб бериш тизимини жорий этиш каби масалалар бундай муаммолар жумласига киради.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. “Халқ сўзи” газетаси. 2017 йил 17 ноябрь. № 232.
  2. “Халқ сўзи” газетаси. 2020 йил 24 сентбрь. № 202.
  3. Ўзбекистонда таълимнинг ривожланиш тарихи ва тарихшунослиги. Очерклар. T.: 2017.
  4. https://edu.uz/uz/news/view/5342
  5. https://kun.uz/uz/97019597
  6. https://lex.uz/docs/1039886
  7. https://lex.uz/docs/1399382#-1399863
  8. https://lex.uz/docs/213812
  9. https://lex.uz/docs/-3244181
  10. https://lex.uz/docs/3244181#4323354
  11. https://lex.uz/docs/3420313
  12. https://lex.uz/docs/-4334802
  13. https://lex.uz/docs/-899316
  14. https://lex.uz/ru/docs/-4545884
ШЕРҚЎЗИ АБДУЛЛАЕВ,
СамДУ таянч докторанти

Check Also

ЁШЛАРДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ДИНШУНОСЛИККА ОИД ФАНЛАРНИ ЎҚИТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Жаҳонда содир бўлаётган глобаллашув жараёнлари­да дин омилининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Дунёга хавф солаётган экстремистик …